«Telecom Soft» МЧЖ йўл ҳаракати қоидаларини автоматик назорат қилиш тизимлари учун видеокузатув ускуналари харид қилиш бўйича электрон танлов ўтказди. Лойиҳанинг бошланғич нархи 10 млрд 316 млн сўм этиб белгиланган.

Танлов натижаларига кўра, Хитойнинг «HAC Smart Technologies» компанияси 657 минг доллар (7,76 млрд сўм) таклифи билан ғолиб деб топилган. Иккинчи иштирокчи —«HMN Smart» эса 698 минг доллар (8,24 млрд сўм) нарх кўрсатиб, захира ғолиби сифатида қайд этилган. Шартнома бўйича якуний битим суммаси 7,76 млрд сўмни ташкил қилган.

Бир манзил — икки «рақобатчи»

«Ревизор» каналининг эътибор қаратишича, юқорида номи келтирилган икки компания бош офиси бир манзилда жойлашган: Тянцзин шаҳри TEDA ҳудуди Second Avenue кўчаси 62-уй MSD-B2 биноси.



Сайт менюлари, хизмат кўрсатиш бўлимлари ва лойиҳалар портфолиоси ҳар икки компанияда деярли бир хил. Танлов комиссияси иккала корхонани ҳам «Манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари мавжуд эмаслиги» талаби бўйича «мувофиқ» деб баҳолаган.
  Маълумот учун, «Telecom Soft» МЧЖ 2023 йил 14 сентябр куни рўйхатга олинган. Фаолият тури — бошқа тоифаларга киритилмаган профессионал, илмий ва техник фаолият. Компаниянинг 82,54 фоиз улуши «Ўзбектелеком»га, 11,69 фоиз улуши «Гранит» МЧЖга, 2,06 фоиз улуши «Бузтон» МЧЖга, 2,06 фоиз улуши «Связсооружения Строй» МЧЖга, 1,65 фоиз улуши «Global Optical Communication Uzbekistan» МЧЖга тегишли.