Kun.uz «Telecom Soft» МЧЖ йўл ҳаракати қоидаларини автоматик назорат қилиш тизимлари учун ускуналар харид қилиш бўйича тендер ўтказгани ҳақида хабар берганди. Лойиҳанинг бошланғич нархи 10 млрд 316 млн сўмни ташкил этган. Танловда Хитойнинг «HAC Smart Technologies» компанияси 657 минг доллар таклифи билан ғолиб деб топилганди. Иккинчи иштирокчи —«HMN Smart» эса 698 минг доллар нарх билан захира ғолиби сифатида қайд этилган. Юқорида номи келтирилган икки компания бош офиси бир манзилда жойлашган, сайт менюлари, хизмат кўрсатиш бўлимлари ва лойиҳалар портфолиоси ҳам деярли бир хил.

«Telecom Soft» МЧЖнинг Kun.uz берган расмий изоҳига кўра, юқоридаги танлов атрофлича ўрганиб чиқилган ва иштирокчилар ўртасида ўзаро боғлиқлик (аффилланганлик) ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш аломатлари мавжудлигини инобатга олиниб, Харид комиссияси томонидан тендер бекор қилинди.

«Telecom Soft МЧЖ давлат харидларини қонунчилик талабларига қатъий риоя этган ҳолда, шаффофлик, холислик ва адолатли рақобат тамойиллари асосида амалга оширишга устувор аҳамият қаратади», дейилади расмий изоҳда.