Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йиллик инфляция 2025 йил октябридаги кўрсаткичга нисбатан 1,3 фоиз пунктга пасайган.

Октябр давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пулли хизматлар эса 0,6 фоизга қимматлашган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида тухум нархи 5,2 фоизга ошган. Қўй гўшти 1,4 фоизга, суякли мол гўшти 1,2 фоизга, қийма 1,1 фоизга, сут ўртача 1 фоизга, олий навли буғдой унидан тайёрланган нон 0,7 фоизга қимматлашган. Шакар эса 2,2 фоизга арзонлашган.

Сабзавотлардан бақлажон ва бодринг нархи 9 фоизга, помидор 8,8 фоизга, булғор қалампири 8,7 фоизга, картошка 5,3 фоизга ошган.

Айни пайтда лимон 15 фоизга, узум 7,5 фоизга, олма 3 фоизга ва банан 1,3 фоизга арзонлашган.

Ёнилғи нархларида ҳам ўсиш қайд этилган: бензин ўртача 1 фоизга, пропан 0,4 фоизга қимматлашган. Метан нархи ўзгармаган.

Хизматлар орасида совуқ сув ва канализация нархлари 4,7 фоизга ошган. Репетиторлик хизматлари 1,6 фоизга, такси 1,3 фоизга, чет тилларини ўргатиш курслари 0,8 фоизга қимматлашган.

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида 3 миллиондан зиёд нарх қайд этилган. Кузатувлар 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 98 турдаги хизматларни қамраб олган.