Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишини 2026 йил учун 6,8 фоиздан 7,8 фоизгача, 2027 йил учун эса 6 фоиздан 6,5 фоизгача оширди. Янгиланган баҳолар 12-октябрда эълон қилинган ҳисоботда келтирилган. Жамғарма инфлация бўйича прогнозларни ҳам ўзгартирган. 2026-йилда нархлар 6,9 фоизга, 2027 йилда эса 5,7 фоизга кўтарилиши кутиляпти. Апрел ойидаги ҳисоботда инфлация 2026 йилда 6,8 фоиз, 2027 йилда эса 5 фоиз бўлишини тахмин қилганди.

Шу билан бирга, ишсизлик даражаси пасайиши кутиляпти. 2025 йил якунида бу кўрсаткич 4,8 фоиз деб баҳоланган бўлса, 2026 йилда 4,3 фоизни, 2027 йилда эса 3,8 фоизни ташкил этади.

Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги бўйича прогноз ҳам оширилди. Янгиланган баҳоларга кўра, манфий салдо 2026 йилда иқтисодиётнинг 5,1 фоизини, 2027 йилда эса 4,6 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун, 2025 йилда тақчиллик 3,9 фоиз деб баҳоланганди.