Ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, дистрибьюторлар ва харидорлар уч кун ичида битта майдонда илк танишувдан тортиб, ишбилармонлик музокаралари ўтказиш ва битимлар тузишгача бўлган йўлни босиб ўтишлари мумкин.
Ўз маҳсулотлари, технологиялари ва ечимларини дунёнинг 19 та мамлакатидан 503 та компания намойиш этади: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Туркия, Украина, Германия, Италия, Польша, Литва, Россия, Эрон, Покистон, Вьетнам, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари.
Умумий кўргазма майдони 25 000 м² ни ташкил этади, тадбирга 20 000 дан ортиқ профессионал ташриф буюрувчилар келиши кутилмоқда.
Messe Frankfurt лицензияси асосида ўтказилаётган учта кўргазманинг ташкилотчиси ва Messe Frankfurt компаниясининг Марказий Осиёдаги расмий вакили бўлган Business Media Central Asia (BMCA) раҳбари Дилфуза Самандарова шундай таъкидлайди: «Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасидаги муҳим хабга айланиб бормоқда ва кўргазмаларимиз халқаро компанияларга ҳамкорлар топиш ҳамда янги бозорларни кашф этишда ёрдам бериб, ушбу салоҳият билан бирга ўсмоқда».
Кўргазмаларда нималар намойиш этилади?
Automechanika Tashkent 2026: кўргазма Тошкентда учинчи марта бўлиб ўтади. Анъанага кўра, у автобутловчи қисмлар, мойлар, шиналар, автомобил электроникаси, диагностика ва сервис ускуналари, шунингдек, автосервислар учун ечимлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда етказиб берувчиларни ўзида бирлаштиради.
Иштирокчилар ва брендлар қаторида: EXZAP, TRT, LB Unite, MANN-FILTER, Michelin, CARVILLE, RAVENOL, LOAADI, BARS, Vikron, StarLine, Wolf, LOTOS Oil, TOTACHI, Petrovoll ва бошқалар бор.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилганидан буён кўргазмани қўллаб-қувватлаб келаётган Shell компанияси учинчи йил қаторасига Automechanika Tashkent кўргазмасининг бош ҳамкори сифатида иштирок этмоқда.

2025 йилда Shell вакиллари кўргазмага ташриф буюрувчиларнинг кўплиги ва автомобил саноатига қизиқиш ортиб бораётганини қайд этишганди: «Тадбир давомида кўплаб нуфузли меҳмонлар ва соҳа вакилларининг иштироки, кўргазма стендларидаги қизғин фаолият ҳамда ташриф буюрувчиларнинг юқори фаоллиги кузатилди. Бу эса автомобиль саноатига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради».














