Эрон Марказий банки раиси Абдулносир Ҳеммати мамлакатдаги оғир иқтисодий ҳолат ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, машҳур форс мақолини эсга олганди: «Жўжани кузда санаймиз». Аммо кузнинг дастлабки ойи якунлари бўйича эълон қилинган дастлабки ҳисоб-китоблар жуда аянчли кўриняпти, дея ёзади The Economist.

Миллий валюта кескин қадрсизланиб кетган, инфляция эса Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаги энг юқори чўққисига чиқди. Ўтган ойда 1979 йилдан бери илк бор нефт юклаб жўнатилмади. Эрон учун иқтисодий инқирозлар бегона эмас, бироқ бу галгиси оғир кечмоқда. Давлат ОАВларига кўра, ҳатто ўзининг баландпарвоз баёнотлари билан танилган хавфсизлик хизмати мулозими Муҳсин Ризоий ҳам ҳамкасбларини мамлакат ўз тарихидаги энг мураккаб даврлардан бирини бошдан кечираётгани ҳақида огоҳлантирди. АҚШнинг санкциялар ва ҳарбий қамал орқали Эронга босим ўтказиш кампанияси муайян натижа бермоқда. Бироқ бу босим саккизинчи ойга кирган урушни тўхтатишга Эронни мажбур қила оладими ёки йўқ — ҳозирча номаълум, дея ёзади The Economist.

Риалнинг қулаши ва 90 фоизлик инфляция

Эрон риали кетма-кет антирекордларни янгилаб, тубга қулаяпти. Ҳозирда бир АҚШ доллари тахминан 2,7 миллион риал атрофида сотиляпти. Миллий валюта жорий йилнинг ўзида қийматининг ярмини йўқотди. Ўтган ойда Марказий банк ички бозорга 2 миллиард доллар миқдорида хорижий валюта интервенция қилди. Бу қадрсизланиш суръатини бироз секинлаштирган бўлса-да, вазиятни ўнглай олмади.

Валюта инқирози йиллик инфляциянинг кескин сакрашига сабаб бўлиб, сентябр ойида бу кўрсаткич 90 фоизга етди. Озиқ-овқат ва транспорт нархлари 115 фоиздан зиёдга, кийим-кечак эса 97 фоизга қимматлашди. Ўсимлик ёғи, тухум ва гуруч каби энг зарур истеъмол маҳсулотлари нархи ҳам 200 фоиздан кўпроққа ошиб кетди. Ҳамширалар уюшмасининг маълум қилишича, кўплаб тиббиёт ходимлари ойига атиги 100 долларга тенг бўлиб қолган маошга ишлагандан кўра, ишдан бўшашни афзал кўрмоқда.

Ҳарбий куч билан қўлланаётган санкциялар

АҚШ аввал ҳам Эронга нисбатан қатъий санкциялар жорий қилган, аммо уларни айланиб ўтиш учун ҳар доим тирқишлар топиларди. Ҳатто 2020 йилда — Доналд Трампнинг «максимал босим» кампанияси ва COVID-19 пандемияси авжига чиққан пайтда ҳам Эрон кунига 440 минг баррелдан ортиқ нефт сотишнинг уддасидан чиққан. Бироқ эндиликда Вашингтон санкциялар ижросини қурол кучи билан таъминламоқда: АҚШ ҳарбий кемалари Эрон портларини қамал қилиб, ўтган ойнинг ўзида мамлакатнинг камида саккизта нефт танкерини ишдан чиқарди ёки чўктириб юборди.