Осмонўпар бино қиймати 9 миллиард долларлик Ellinikon шаҳарсозлик лойиҳасининг асосий иншоотларидан бири бўлади. Қурилиш майдони Афина Риверасида — Пирей портидан Посейдон ибодатхонасигача чўзилган соҳил ҳудудида жойлашган. Унинг майдони Монако ҳудудидан тахминан уч баравар катта.

Лойиҳа доирасида бир нечта турар жой маҳалласида минглаб уйлар, Hard Rock меҳмонхонаси ва казinosи, савдо маркази ҳамда янги жамоат пляжи барпо этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, спорт мажмуаси, мактаблар, офислар ва тиббиёт муассасалари қурилади. Катта боғда эса икки миллион квадрат метр яшил ҳудуд ташкил этилиши кўзда тутилган.

© Lamda Development

Riviera Tower атрофидаги баҳсларнинг асосий сабаби унинг баландлиги ва Афинанинг тарихий қиёфасига таъсиридир. Шаҳарда бинолар баландлиги одатда 32 метр билан чекланади. Бу Акропол ва ундаги Парфенонга очиқ манзарани сақлаб қолишга хизмат қилади.

200 метрли минора ва бутун Ellinikon лойиҳаси эса амалдаги қурилиш меъёрларидан истисно тариқасида рухсат олган. Шу боис янги бино атрофдаги пастқаватли иморатлар орасида кескин ажралиб туради.

© Lamda Development

Манбада келтирилган 2025 йилги сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 63 фоизи Riviera Tower қурилишига қарши чиққан. Ҳудудни қайта қуришга қаратилган бутун Ellinikon лойиҳасини эса 41 фоиз иштирокчи қўллаб-қувватламаган.

Тарихий марказдан маълум масофада жойлашганига қарамай, осмонўпар бинонинг шаҳар манзарасига таъсири танқидчиларнинг асосий эътирозларидан бири бўлиб қолмоқда. Лойиҳа Афинада замонавий қурилиш билан қадимий меъморий меросни асраш ўртасидаги мувозанат масаласини кун тартибига олиб чиққан.