БМТ Бош котиби лавозимига кўрсатилган етти номзоднинг ҳеч бири Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга барча доимий аъзолари қўллаб-қувватловига эришмади, деб хабар берди Associated Press ўз манбаларига таяниб.
Агентликнинг қайд этишича, Антониу Гутерришнинг ўрнини эгаллайдиган бўлажак бош котибни танлаш жараёнида иштирок этаётган АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция ҳозирги номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаса, уларнинг ўрнига янги номзодлар кўрсатилиши мумкин.
БМТнинг савдо бўлинмаси раҳбари, коста-рикалик Ребека Гринспан, Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари, аргентиналик Рафаэл Гросси ҳамда Гайананинг БМТдаги доимий вакили Кэролин Родригес-Биркетт янги бош котиб лавозимига асосий даъвогарлар ҳисобланади. Aгентлик хабарига кўра, уларнинг ҳар бирига Хавфсизлик Кенгашининг икки нафар доимий аъзоси қарши чиққан.
Хабарда айтилишича, охирги бир неча ҳафта давомида АҚШ маъмурияти вакиллари номзодларнинг ҳеч бири «идеал» эмаслигига ишора қилган. Вашингтон ташкилотни тубдан ислоҳ қилишга, шунингдек, БМТнинг қатор тузилмаларидан чиқишга ёки чиқишни режалаштиришга эътибор қаратган.
Аммо шунга қарамасдан, АҚШ расмийлари Вашингтон номзодлардан бирини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини истисно этмаяпти. AP манбаларига кўра, АҚШнинг позицияси яқин кунларда аниқ бўлади.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Майк Уолтц ташкилотга БМТни тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдек дастлабки мақсадига қайтаришга қодир бўлган «кучли ва фаол раҳбарият» зарурлигини таъкидлади.
«Бу ташкилот 80 йил давомида ҳамма учун ҳамма нарса бўлишга уринди. Биз уни, таъбир жоиз бўлса, парҳезга ўтқиздик — парҳездан кейин барчамизнинг аҳволимиз бироз яхшиланди. Энди эса уни яна тинчлик ва хавфсизлик масалаларига йўналтиришимиз керак», — деди Уолтц.
Анъанага кўра, БМТ бош котиби лавозими навбатма-навбат турли минтақалар вакилларига ўтади ва ҳозир навбат Лотин Америкасига келган, деб ёзади AP.
Агентликнинг ёзишича, келаси ҳафта дастлабки сўровнинг кейинги босқичи бўлиб ўтади. Шу билан бирга, Уолтц ва Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя янги номзодлар пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.
















