Сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард доллардан қарийб 8,5 миллиард долларгача ошди. Минтақа давлатларининг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми эса қарийб 11 миллиард долларга етди. Ваҳобовнинг фикрича, бу кўрсаткичлар иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун имкониятлар мавжудлигини кўрсатади. Хусусан, Фарғона водийсидаги етти ҳудуд ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ўзаро боғланган ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.


Фарғона водийсининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларини қамраб олган қисмида қарийб 18 миллион аҳоли яшайди. Бу катта бозор бўлиш билан бирга, саноат кооперацияси, хизматлар ва савдо алоқаларини ривожлантириш учун ҳам салмоқли салоҳиятга эга. Ваҳобов бу ҳудудларга фақат истеъмол бозори сифатида қараш билан чекланмаслик кераклигини таъкидлайди. Унинг фикрича, асосий мақсад — вилоятларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларни ягона иқтисодий занжирга бирлаштириш. Фарғона водийсидаги ҳудудларнинг иқтисодий ихтисослашуви ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун замин яратади.


Андижон вилояти машинасозлик, ишлаб чиқариш ва оғир саноат йўналишларидаги салоҳияти билан ажралиб туради. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши эса вилоятнинг минтақавий транспорт алоқаларидаги аҳамиятини ошириши мумкин. Келажакда Андижон йирик транспорт хабига айланиш имкониятига ҳам эга. Наманган вилояти енгил саноат ва тўқимачиликка ихтисослашган бўлса, Фарғонада кимё ва нефт-кимё саноати, шунингдек, тадбиркорлик йўналишлари муҳим ўрин тутади. Бу тармоқларни қўшни ҳудудларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари билан боғлаш орқали минтақавий кооперацияни кенгайтириш мумкин.
Бунда ҳар бир вилоятнинг мавжуд ихтисослашуви умумий ишлаб чиқариш занжирининг бир қисмига айланиши кўзда тутилади.


Тожикистоннинг Суғд вилояти ҳам Фарғона водийсидаги иқтисодий ҳамкорликда муҳим ўрин тутиши мумкин. Вилоят Тожикистоннинг саноати ривожланган ҳудудларидан бири бўлиб, металлургия ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларидаги салоҳияти билан ажралиб туради. Ваҳобовнинг таъкидлашича, Суғд вилоятининг саноат имкониятларини Ўзбекистон ҳудудларидаги ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан боғлаш мумкин. Хусусан, металлургия маҳсулотларига бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, Суғддаги корхоналар билан Андижоннинг машинасозлик тармоғи ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари мавжуд. Бундай кооперация хомашё ва тайёр маҳсулотлар етказиб бериш билан чекланиб қолмай, ўзаро боғланган ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилиши мумкин.


Ҳудудлараро ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши — агросаноат кластерларини шакллантириш. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хомашё сифатида сотиш ўрнига, уларни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолида экспорт қилишга устувор аҳамият бериш лозим. Масалан, Қирғизистоннинг Боткент вилоятида етиштириладиган ўрик ёки Суғд вилоятидан етказиб бериладиган мева-сабзавотлар ягона ишлаб чиқариш занжирининг бошланғич бўғини бўлиши мумкин.