Global Times хабарига кўра, ишлар Нантун — Нинбо юқори тезликдаги темирйўлининг асосий участкаларидан бирида бажарилган. Ханчжоу қўлтиғи орқали ўтадиган мажмуа дунёдаги энг узун денгиз устидан ўтувчи юқори тезликдаги темирйўл кўприги бўлиши кўзда тутилган.

Лойиҳа шимолий, марказий ва жанубий кема қатнови каналлари устидан ўтувчи учта кўприкни, шунингдек, очиқ сув ва саёзликлардаги туташув қисмларини қамраб олади.

Пўлат пролёти туташтирилган жанубий кўприкнинг умумий узунлиги 814,5 метр, асосий пролёти эса 364 метрни ташкил этади. Унинг остидан дедвейти — юк, ёнилғи ва бошқа захираларининг жами оғирлиги — 3000 тоннагача бўлган кемалар ўтиши мумкин бўлади.

Қурилиш мураккаб табиий шароитда олиб борилмоқда. Ханчжоу қўлтиғида сувнинг кўтарилиш ва қайтиш пайтидаги сатҳ фарқи қарийб тўққиз метрга етади. Кучли оқимлар ва шамоллар сабабли денгизда ишлаш учун қулай вақт чекланган.

Юқори намлик, шўр муҳит ҳамда ювилиш ва чўкинди тўпланиши туфайли денгиз туби рельефининг ўзгариб туриши ҳам муҳандисларга қўшимча қийинчилик туғдиради.

Пролётни бирлаштириш учун пўлат конструкцияларни икки томондан бир-бирига қараб суриш технологияси қўлланган. Элементларни аниқ туташтиришда BeiDou сунъий йўлдош навигацияси ва рақамли мониторинг воситаларидан фойдаланилган.

Таянчлар, пўлат конструкциялар ва вақтинчалик ушлаб турувчи қисмларга ўрнатилган датчиклар металлдаги зўриқиш, ванталардаги кучланиш ва элементлар силжиши ҳақида ҳар бир неча миллисекундда маълумот узатган. Махсус чеклагич ва мосламалар шамол таъсирини камайтириш ҳамда конструкциялар ҳолатини иш жараёнида тўғрилашга ёрдам берган.

Туташтириш ишлари атайлаб тунда бажарилган. Бу вақтда ҳарорат нисбатан барқарор бўлгани учун металлнинг иссиқлик таъсирида кенгайиши ёки қисқариши камроқ халақит берган.

Қурувчилар хавфли об-ҳаво ва сув шароитлари ҳақида олдиндан огоҳлантирувчи тизим ҳам яратган. Иш жадвали жорий вазиятга қараб ўзгартириб борилган.

Энди ванталардаги кучланишни босқичма-босқич созлаш, туташув участкаларини бетонлаш, қолган ванталарни ўрнатиш ва таранглаш ҳамда доимий таянч қисмларини монтаж қилиш ишлари бажарилади. Шундан сўнг кўприк конструкцияси доимий ишлаш схемасига ўтказилади.

Ҳозиргача денгиздаги барча қозиқли пойдеворлар ва таянч устунлари қуриб бўлинган. Бироқ учта кема қатнови кўпригининг асосий конструкцияларида ишлар ҳали давом этмоқда.