Марко Рубио Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун тақдирланди.

Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган фармонда, шунингдек, унинг Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ташаббусларини илгари суриш ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари қайд этилган.

Сержио Гор эса Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, узоқ муддатли стратегик шерикликни кенгайтириш ва сиёсий-дипломатик мулоқотни фаоллаштиришдаги алоҳида хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Шунингдек, унинг Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятларини АҚШда тарғиб этиш, америкалик инвесторлар ва етакчи компанияларни мамлакатга жалб қилиш, энергетика, саноат, транспорт ва бошқа устувор соҳалардаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси эътироф этилган.