Рақамли технологиялар вазирлиги хабарига кўра, тадбирнинг муҳим янгиликларидан бири — Google Cloud’ning Давлат сиёсати ва давлат ташкилотлари билан алоқалар йўналиши бўйича раҳбари Марcин Красуски томонидан Google Pay хизматининг Ўзбекистонда ишга туширилгани эълон қилинди.
Сессия Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ давлат идоралари вакиллари, шунингдек, етакчи компаниялар иштирокидаги бизнес дастур доирасида ўтказилмоқда.
Google Pay (ёки қисқача G Pay) — бу Google компанияси томонидан ишлаб чиқилган, смартфон, планшет ёки смарт-соатлар орқали харидларни амалга оширишга мўлжалланган рақамли ҳамён ва электрон тўлов тизими.
Ушбу тизим фойдаланувчиларга ўз банк карталарини телефонга боғлаб, пластик картасиз тўлов қилиш имконини беради.
















