The War Zone нашри ёзишича, тахминан бир ой аввал Шанҳайдаги Чансиндао ороли верфида ғайриоддий кема қурилиши якунланишга яқинлашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Унинг конструкцияси сувости учувчисиз аппаратларини жойлаштириш, сувга тушириш ва уларга хизмат кўрсатиш учун мослаштирилган бўлиши мумкин.

Гуанчжоуда олинган янги тасвирда умумий кўриниши шанхайлик кемага жуда ўхшаш, аммо кичикроқ кема акс этган. Дастлабки баҳоларга кўра, у аввалгисидан тахминан учдан бирга кичик. Корпус шаклида ҳам айрим фарқлар бор.

Янги кемада олтита кўтариш минораси кўринади. Шанҳайдаги йирикроқ кемада эса олтита катта ва олтита кичик конструкция мавжуд. Иккала лойиҳада ҳам олдинги устқурма ортида парвоз палубаси ва ангар жойлашган, тутун қувурларининг ўрни ҳам ўхшаш.

Ҳозирча бу кемалар, аввало, тажриба платформалари сифатида баҳоланмоқда. Уларнинг аниқ вазифалари ва имкониятлари ҳақида очиқ маълумотлар чекланган.

Бундай кемалар йирик сувости дронларини Хитой соҳилларидан узоқ ҳудудларга олиб бориш, сувга тушириш, қайтариб олиш ва техник хизмат кўрсатиш имконини бериши мумкин. Бу узоқ вақт мустақил патруллик қила оладиган аппаратлардан фойдаланишни осонлаштиради.

Катта масофага ҳаракатлана оладиган сувости дронлари денгиз тубини хариталаш, миналарни қидириш, сувости кемалари ва сув устидаги нишонларни аниқлаш каби вазифаларни бажариши мумкин. Истиқболда бундай аппаратлардан қанотли ракеталар ёки бошқа дронларни учириш учун фойдаланиш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда. Бироқ бу имкониятлар айнан суратдаги кемалар ёки улар ташийдиган аппаратларда мавжудлиги тасдиқланган эмас.

Материалда бундай флотнинг кенгайиши Хитойнинг Тинч океанидаги узоқ ҳудудларда операциялар ўтказиш имкониятларини ошириши мумкинлиги таъкидланган. АҚШ объектларига эҳтимолий таҳдид ҳақидаги мулоҳазалар эса ҳозирча ушбу технологияларнинг келажакдаги қўлланишига оид баҳолардир.