Visual Capitalist тайёрлаган инфографика БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти — UN DESA баҳоларига асосланган. Унда Европа мамлакатларида 2000 йил июл ва 2024 йил июл ҳолатига яшаган мигрантлар сони таққосланган.

Бу рақамлар 24 йил давомида мамлакатга жами қанча киши келганини ёки келганлар ва кетганлар ўртасидаги фарқни англатмайди. Улар муайян вақтда мамлакатда яшовчи мигрантлар сони қандай ўзгарганини кўрсатади. Миллий таърифларга қараб, ушбу тоифага қочқинлар, бошпана изловчилар ва кейинчалик ўша давлат фуқаролигини олган шахслар ҳам кириши мумкин.

Буюк Британия, Испания ва Германияда мигрантлар сони биргаликда тахминан 20,4 миллион кишига ошган. Бу Европадаги умумий ўсишнинг қарийб ярмини ташкил этади.

Фоиз ҳисобидаги ўсиш бўйича эса бошқа мамлакатлар етакчи бўлган:

  • Малта — 827 фоиз;
  • Болгария — 590 фоиз;
  • Исландия — 522 фоиз.

Испанияда мигрантлар сони тўрт баробардан зиёд кўпайган. Материалда бу қисман 2000-йиллар бошидаги қурилиш суръатларининг ошиши ва 2005 йилги мигрантларнинг ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш дастури билан изоҳланган. Мазкур дастур доирасида қарийб 700 минг ариза берилган.

Буюк Британияда эса 2000–2024 йиллар оралиғида мигрантлар сони 149 фоизга ўсган.

Бироқ барча мамлакатларда ҳам ўсиш кузатилмаган. Россия мигрантлар сонининг мутлақ камайиши бўйича ажралиб турган: мамлакатда яшовчи ушбу тоифадаги аҳоли сони тахминан 4,3 миллион кишига қисқарган. Сербия, Украина ва Шарқий Европанинг айрим бошқа давлатларида ҳам пасайиш қайд этилган.

Миграция меҳнат ресурслари етишмовчилигини юмшатиш, солиқ тўловчилар сонини кўпайтириш ва демографик пасайиш оқибатларини камайтиришга ёрдам беради. Айни пайтда, инфратузилма аҳоли ўсишига мос равишда ривожланмаса, уй-жой бозори, мактаблар ва давлат хизматларига қўшимча босим пайдо бўлиши мумкин.

Шу боис янги келганларнинг жамиятга мослашувида ишлаш рухсатномалари, турар жой, тил ўрганиш ва хорижда олинган малака ҳамда дипломларни тан олиш масалалари муҳим ўрин тутади.