Синов Аризона штатидаги Юма полигонида ўтказилган. Унда Денгиз пиёдалари корпусининг 1-оператив синов ва баҳолаш эскадриляси учувчилари қатнашган.
Бу ерда гап саккизта бомбани айнан бир лаҳзада эмас, балки нишонга бир марта яқинлашиш давомида кетма-кет ташлаш ҳақида бормоқда. Шу тариқа самолёт ҳар бир бомба учун нишонга қайта парвоз қилишига ҳожат қолмайди.
StormBreaker номи билан ҳам танилган SDB II — оғирлиги тахминан 113 килограмм бўлган кичик ўлчамли, юқори аниқликдаги бошқариладиган авиабомба. Материалда келтирилишича, у турли об-ҳаво шароитларида камида 70 километр масофадаги ҳаракатланувчи нишонларни уришга мўлжалланган.
StormBreaker’ни F-35 қуролланишига интеграция қилиш дастурий таъминот муаммолари ва бошқа қийинчиликлар сабаб кечиккан. Бироқ биттада бир нечта бомбани қўллаш имконияти самолётнинг жанговар вазифаларни бажариш усулини ўзгартириши мумкин.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги генерал-майори Жон Норман Air & Space Forces нашрига берган изоҳида бу усул учувчининг нишонга қайта-қайта яқинлашиши заруратини камайтиришини айтган. Унинг фикрича, бу қўшимча парвозлар билан боғлиқ хавфни қисқартиради ва ҳар бир ўқ-дори учун қўллаш параметрларини қўлда ҳисоблаш юкини енгиллаштиради.
StormBreaker’нинг тармоқ орқали маълумот алмашиш имкониятлари нишонларни уриш ҳудудини олдиндан белгиланган майдон билан чеклашга ҳам имкон беради. Материалда бу хусусият бомбанинг аввалги авлод кассетали ўқ-дориларига нисбатан афзалликларидан бири сифатида келтирилган.
Ҳозирги синов F-35B модификациясида ўтказилган. Унинг натижалари бу имконият барча F-35 самолётларида аллақачон жорий этилганини англатмайди.
















