DW хабарига кўра, келишув 22 октябр куни тузилган. У самолётларни ишлаб чиқаришдан ташқари, эҳтиёт қисмлар ва модернизация тўпламларини етказиб бериш, шунингдек, F-35 паркига техник хизмат кўрсатишни ҳам қамраб олади.

Келишув шартларига мувофиқ, Lockheed Martin F-35 дастурини ривожлантиришга камида 7 миллиард доллар инвестиция киритади.

Компания америкалик ва хорижий буюртмачилар учун жами йилига 156 та самолёт ишлаб чиқариш даражасини сақлаб туришни режалаштирмоқда. Бу кўрсаткич фақат АҚШ қуролли кучларига мўлжалланган 850 та самолёт билан чекланмайди, балки халқаро буюртмаларни ҳам ҳисобга олади.

Ҳозирча ҳужжат якуний етказиб бериш шартномаси ҳисобланмайди. Агар Конгресс кўп йиллик харид дастурини маъқулласа, томонлар нархлар, етказиб бериш муддатлари ва бошқа шартларни қўшимча равишда келишиб олиши керак бўлади.

Пентагон баҳосига кўра, узоқ муддатли келишув ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва АҚШ мудофаа саноатини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Lockheed Martin раҳбари Жим Тайклет эса ҳукуматнинг узоқ муддатли мажбуриятлари компанияга ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларига сармоя киритиш имконини беришини таъкидлаган.

F-35 АҚШ ва қатор иттифоқчи давлатларнинг қўшма лойиҳаси ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, дунё бўйлаб ушбу турдаги 1375 тадан ортиқ самолётдан фойдаланилмоқда. Янги келишув халқаро буюртмаларни ҳам қамраб олади.

AFP агентлиги бу қирувчиларга хорижда ҳам қизиқиш сақланаётганини қайд этган. Сентябрда АҚШ Саудия Арабистонига 24,3 миллиард долларлик 48 та F-35 сотилишини маъқуллаган.

Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини харид қилганидан кейин 2019 йилда F-35 дастуридан чиқарилган Туркия ҳам аввалроқ ушбу самолётларни олиш имконияти тикланишига умид билдирган эди.