Агар сотув амалга ошса, бу АҚШ сиёсатида сезиларли бурилиш бўлади, Яқин Шарқдаги ҳарбий мувозанатни ўзгартириши мумкин.
Пентагоннинг сиёсат бўлими ушбу битим устида бир неча ой ишлаган ва иш ҳозирда Мудофаа вазирлигининг котиб даражасига етган, деди амалдорлардан бири аноним тарзда Reutersʼга.
Пентагон, Оқ уй ва Давлат департаменти ҳозирча ушбу келишувлар бўйича изоҳ бермади. «Lockheed Martin» компанияси вакили эса, бундай ҳарбий битимлар «ҳукуматдан-ҳукуматга» амалга оширилиши боис, масалага расмий Вашингтон жавоб бериши кераклигини билдирди.
Яқинда режалаштирилган – валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга ташрифида бу масала асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Исроилнинг «ҳарбий устунлиги» йўқоладими?
АҚШ Яқин Шарққа қурол сотишда – Исроилнинг «сифатли ҳарбий устунлиги»ни сақлаб қолишни кафолатлайдиган ёндашувни қўллайди. Бу тамойилга кўра, Исроил минтақадаги араб давлатларидан доимо технологик жиҳатдан устунроқ АҚШ қуролларини олади.
F-35 — душман радаридан яшириниб учиш имконини берувчи «stels» технологияси билан яратилган ва дунёдаги энг илғор қирувчи самолёт сифатида қаралади. Исроил ушбу самолётни қарийб ўн йилдан бери эксплуатация қилиб келади ва бир нечта эскадриляларни шакллантирган. У ҳозирча бу қурол тизимига эга бўлган ягона Яқин Шарқ давлати ҳисобланади.
Саудия Арабистони эса АҚШ қуролларининг энг йирик харидори. Қироллик бир неча йилдан бери F-35 самолётларини олишга уринмоқда, бу орқали ҳаво кучларини модернизация қилмоқчи. Бундан ташқари, Саудия айниқса Эронни ўзи учун таҳдидлар қаторида кўриб келади.
F-35ʼнинг нархлари турлича. Унинг оддий универсал (A) ва денгиз флоти (C Lightning II) учун ажратилган энг қиммат версиялари бор.

Одатда бундай қурилмаларни биринчи марта олаётган давлатлар: самолёт учувчиларини ўқитиш, унга техник хизмат кўрсатиш, эҳтиёт қисмлар ва қурол тизимлари билан таъминлашни ҳам келишувлар қаторига киритади. Бундай ҳолатларда битта F-35 учун нарх 150 миллион долларгача айланади.
Қиролликнинг икки эскадрилядан иборат (48 тагача қирувчи самолёт) ушбу янги сўрови Трамп маъмурияти Риёд билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга очиқлигини билдирган пайтда янгиланди. Саудия ҳарбий ҳаво кучлари ҳозирда «Boeing»нинг F-15ʼлари, Европанинг «Торнадо» ва Typhoon самолётларидан фойдаланмоқда.
















