Фототузоқлар ёввойи мушуксимонларни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Panthera ташкилоти ва Гватемаланинг муҳофаза этиладиган ҳудудлар бўйича миллий кенгаши — CONAP томонидан ўрнатилган.
Panthera’нинг ягуарларни асраш дастури директори Эллисон Девлин ҳамда ташкилотнинг Ҳондурасдаги бўлими раҳбари Франклин Кастаньеда People нашрига бу каби суратлар жуда кам олинишини таъкидлаган. Уларга кўра, кадрлар кўплаб таҳдидларга қарамай, ягуарлар минтақада яшашда давом этаётганининг муҳим далилидир.
Ўрмон йўлаги нега зарур?
Гватемала ва Ҳондурас чегараси бўйлаб ўтувчи табиий йўлак Белиз, Гватемала ва Мексикадаги ягуар популяцияларини Ҳондураснинг марказий ҳамда шарқий қисмидаги гуруҳлар билан боғлайди.
Бундай алоқа ҳайвонлар гуруҳларининг бир-биридан узилиб қолиши ва яқин қариндошлар ўртасида чатишиш хавфини камайтиради. Ўрмонлар парчаланиши эса уларнинг ҳаракатланишини чеклаб, алоҳида популяцияларни янада заифлаштириши мумкин.
Материалда келтирилган баҳоларга кўра, дунёдаги ягуарларнинг тахминан 89 фоизи Амазонка ҳавзасида яшайди. У ердаги йирик популяция турнинг умумий ҳолатига катта таъсир кўрсатади. Гватемала ва Ҳондурас каби ҳудудлардаги кичик, ажралиб қолган гуруҳлар эса жиддийроқ хавфларга дуч келмоқда.
Ягуарлар ҳақидаги тасаввурлар кенгаймоқда
Гватемалада ягуарларнинг тарқалиши аввал асосан Петен ўрмонлари билан боғланган. Янги кузатувлар мамлакат шарқидаги Сьерра-де-лас-Минас тоғлари ва Кариб денгизи соҳили бўйлаб жойлашган Изабал табиий йўлагида ҳам бу ҳайвонлар борлигини кўрсатмоқда.
Табиат ҳимоячилари учун нодир кадрларнинг аҳамияти яширин ҳаёт кечирувчи йиртқични суратга олиш билан чекланмайди. Улар ягуарлар ҳаракатлана оладиган узлуксиз ўрмон ҳудудларини сақлаш зарурлигини ҳам кўрсатади.
















