Учқўрғонда 5 ёшли қизалоқни зўрлаб келган педофил иши судга чиқди. Бу ҳақда Наманган вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1974 йилда туғилган М.К. ва бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Норин туман судининг иш юритувига келиб тушган.

Суднинг ажримига асосан мазкур жиноят иши 18 ноябр куни кўриб чиқиш учун тайинланган бўлиб, жабрланувчи вояга етмагани сабабли иш Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси тартибида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.

Иш бўйича қўшимча маълумот суд жараёни якунланганидан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим қилиниши билдирилган.

Аввалроқ Учқўрғондаги давлат боғчасида 5 ёшли қизалоқ 52 ёшли “завхоз” томонидан бир неча марта зўрлаб келингани маълум бўлганди. Гумонланувчи ушланган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Воқеадан сўнг вазирликда махсус ишчи гуруҳ тузилиб, барча давлат боғчаларида текшириш бошланганди.