DW хабарига кўра, Собянин маҳаллий вақт билан соат 12:35 дан 16:10 гача дронлар уриб туширилгани ҳақида қатор хабарлар эълон қилган. У тафсилотларни очиқламаган, фақат парчалар тушган жойларда фавқулодда хизматлар ишлаётганини қайд этган.
Ҳужум сабаб Москванинг барча тўрт аэропорти вақтинча ёпилган. Улар орасида энг серқатнови бўлган Шереметьевода ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган.
Москвага келаётган самолётлар Санкт-Петербург, Нижний Новгород ва бошқа шаҳарлар аэропортларига йўналтирилган. Жумладан, Санкт-Петербургдаги Пулково аэропорти 25 та рейсни қабул қилган.
Украинанинг Exilenova+ мониторинг Telegram-канали Шереметьево аэропортида олингани айтилган дрон парчалари суратини эълон қилган. Бошқа бир мониторинг канали — Exile+ эса ҳужумда кичик ўлчамли ҳаво шарлари ҳам қўлланганини билдирган.
Шу куни Москванинг бир нечта нашри гувоҳларга таяниб, «Москва-Сити» ишбилармонлик марказидаги «IQ-квартал» минорасидан одамлар эвакуация қилинганини хабар қилган. Бу бинода Россиянинг Рақамли ривожланиш, Иқтисодий ривожланиш ҳамда Саноат ва савдо вазирликлари офислари жойлашган.
«Осторожно, новости» Telegram-канали тарқатган қисқа видеода овоз кучайтиргич орқали «дронлар хавфи» туфайли бинодан эвакуация ўтказилиши эълон қилинган. Бироқ ТАСС давлат агентлиги осмонўпар бинолардан бирида сигнализация хато ишга тушганини билдирган.
23 октябр оқшомида Россия мудофаа вазирлиги кун давомида мамлакатнинг етти ҳудуди ва қўшиб олинган Қрим устида Украинанинг 87 та дрони йўқ қилинганини маълум қилган. Вазирлик ҳисоботида Москва вилояти ҳам қайд этилган.

















