DW хабарига кўра, Собянин дронлар Москва вилоятининг айнан қайси ҳудудларида йўқ қилингани ва уларнинг эҳтимолий нишонлари ҳақида маълумот бермаган.

«Росавиация»нинг билдиришича, 13 октябр оқшомида Внуково, Домодедово, Шереметево ва Жуковский аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва учиришга вақтинча чекловлар киритилган.

ТАСС маълумотига кўра, Москвага учаётган 30 дан ортиқ самолёт бошқа шаҳарларга йўналтирилган. Жумладан, Внуковога қўниши керак бўлган 19 та самолёт Нижний Новгород, Санкт-Петербург, Минск, Псков ва Истанбул аэропортларига қўнган.

«Осторожно, новости» Telegram-канали эса Пулково аэропорти маълумотларига таяниб, Москвага йўл олган 20 та самолёт Санкт-Петербургга йўналтирилганини хабар қилган.

14 октябрга ўтар кечаси Волгоград, Нижний Новгород, Самара, Пенза, Саратов ва Ярославл аэропортларида ҳам вақтинча чекловлар жорий этилган.

«Победа» авиакомпанияси Москва авиаузели ва Волгабўйи аэропортларидаги узоқ давом этган чекловлар сабабли парвозлар жадвалига ўзгартиришлар киритилганини маълум қилган.

Айни пайтда Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин Балаково шаҳрида дрон ҳужуми оқибатида бир нечта турар жойга зарар етганини билдирган. Унинг дастлабки маълумотига кўра, бир киши ҳалок бўлган. Ҳодиса жойида тезкор хизматлар ишламоқда.

Ставропол ўлкаси раҳбари Владимир Владимиров эса Невинномисск шаҳри саноат ҳудуди томон йўналган дронлар ҳужуми ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан қайтарилганини айтган. У қайси саноат объектлари нишонга олинган бўлиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.