Конго Демократик Республикасида (КДР) Эбола безгагини юқтирганлар сони 10,4 минг кишига етди, улардан қарийб 5,4 минг нафари вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, Bloomberg нашри хабар берди. Эболадан ўлим кўрсаткичи 51,6 фоизга етди.
КДР расмийлари Эболанинг бу сафарги авж олишини мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли ва энг кенг кўламли деб эътироф этмоқда. Касалланганлар ва вафот этганларнинг асосий қисми КДР ҳиссасига тўғри келса-да, Уганда, Кения ва Францияда ҳам вирусни юқтириш ҳолатлари қайд этилган.
Касалликнинг асосий ўчоғи КДР Итури провинцияси бўлиб қолмоқда — вирусни юқтириш ҳолатларининг аксарияти айнан шу ҳудудга тўғри келади.
Шунга қарамай, Эбола энг ҳалокатли вирус ҳисобланмайди. Масалан, қутуриш касаллиги аломатлар пайдо бўлгач, деярли ҳар доим ўлим билан якунланади, Марбург вирусининг айрим авж олиш даврларида эса ўлим даражаси 80-90 фоизга етган. Бироқ ўлим кўрсаткичининг юқорилиги аҳоли учун хавф ҳам шунчалик юқори эканини англатмайди: бундай вируслар одамдан-одамга қийин юқади ва уларнинг тарқалишини тезда жиловлаш мумкин. Умумий ҳисобда, ўлим даражаси паст, аммо юқумлилиги юқори бўлган вируслар, масалан, грипп ва COVID-19 энг кўп инсонларнинг ҳаётига зомин бўлади.












