Австриядаги Вена университети тадқиқотчиси Рудолф Деллмур бошчилигидаги халқаро гуруҳ қадимги одамлар яшаш учун қулай кўринган айрим ҳудудларда нега ўрнашмаганини ўрганди. Тадқиқот натижалари Nature журналида эълон қилинди.

Рубъ ал-Холи дунёдаги энг йирик қумли чўллардан бири бўлиб, Арабистон яриморолининг жанубида жойлашган. Унинг майдони тахминан 650 минг квадрат километрни ташкил этади. Чўл манзарасини асосан улкан қум тепаликлари белгилайди — уларнинг баландлиги айрим жойларда 250 метргача етади.

Ҳозир бу ҳудудда ўта иссиқ ва қуруқ иқлим ҳукмрон. Кўпчилик районларда йиллик ёғин миқдори 50 миллиметрга ҳам етмайди, ҳавонинг ўртача йиллик ҳарорати эса 27–32 даражани ташкил этади.

Бироқ ўн минглаб йиллар аввал бу ернинг табиати бошқача бўлган. Африка ва Ҳиндистон муссонлари кучайган даврларда Арабистон яриморолига кўпроқ ёғин тушган. Пастқам жойлар сувга тўлиб, кўллар пайдо бўлган, уларнинг атрофини эса ўсимликлар қоплаган. Минтақанинг иқлим тарихидаги бундай нам даврлар «Яшил Арабистон» даврлари деб аталади.

Археологлар ва антропологлар Арабистон яриморолини қадимги одамларнинг Африкадан бошқа ҳудудларга тарқалиш йўлларидан бири сифатида кўриб келади. Аввалги сув ҳавзалари яқинидан топилган тош қуроллар ҳам бу тахминни қувватлайди.

Шунга қарамай, маълум бўлган қадимги манзилгоҳларнинг аксарияти чўлнинг чекка қисмларида жойлашган. Унинг марказий ҳудудлари эса анча кам ўрганилган. Шу сабабли чучук сув манбалари бўлган ички ҳудудларда одамлар яшаганми ёки йўқми, деган масала очиқ қолган.

Тадқиқотчиларни, айниқса, 122 минг йил аввалдан 67 минг йил аввалгача бўлган давр қизиқтирган. Ўша вақтда яриморолнинг айрим қисмларида чучук сувли кўллар кўп бўлган, қадимги одамлар эса минтақа бўйлаб фаол тарқалаётган эди.

Аввалги тадқиқотларда Арабистондаги ҳудудларнинг яшашга қанчалик қулайлиги асосан иқлим, ўсимлик қоплами ва сув мавжудлигига қараб баҳоланган. Меҳнат қуроллари ясаш учун зарур тош хомашёсининг қаерда борлиги эса алоҳида омил сифатида махсус текширилмаган.

Ҳолбуки, қурол ясаш учун ҳар қандай тош ҳам ярамайди. Қадимги одамларга синдирилганда ўткир қирралар ҳосил қиладиган тоғ жинслари керак бўлган. Бундай тошларни узоқдан олиб келиб ишлов бериш мумкин, аммо хомашёни катта масофаларга мунтазам ташиш жисмонан қийин кечган.