Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик жиноий жазога тортилди. У урушга ёлланишдан олдин наркотик савдоси билан айбланиб қамалган.

Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, Пахтачи туманида яшовчи 1998 йилда туғилган А.Ҳ. 2019 йил декабр ойида ишлаб пул топиш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига борган. Аввалига қурилиш, кейинчалик иссиқхона қуриш ишларида ишлаб юрган йигит 2021 йилда наркотик модда савдосида айбланиб, 7 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва қаттиқ тартибли колонияга юборилган.

А.Ҳ. 2024 йил июл ойида жазони ижро этиш муассасасида олиб борилган тарғибот ишлари пайтида жазодан озод қилиш ва Россия фуқаролигини бериш ваъдаси билан Украинага қарши урушда иштирок этишга розилик билдирган. Сўнгра Луҳанск ва Курск вилоятидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.

А.Ҳ. судда ўз айбига қисман иқрорлик билдирган.

2019 йил пул топиш мақсадида Москва шаҳрига бориб, бетон қуядиган фирмага ишга кирдим. Иш жуда оғир ва қийин бўлгани учун 10-15 кундан сўнг Санкт-Петербург шаҳрига кетдим. У ерда 2020 йил март ойига қадар қурилиш ишларида пайвандчи бўлиб ишладим. Қурилиш фирмаси карантин сабаб ўз фаолиятини тўхтатди. 2020 йил сентябр ойида акам мени ўзи ишлаб юрган Владивосток шаҳрига чақирди. Бироз муддат акам билан дача қурилишида ишладим ва 2020 йил ноябр ойида Санкт-Петербург шаҳрига қайтиб келдим.

2021 йил март ойида Москва шаҳридаги қурилиш фирмасига пайвандчи бўлиб ишга ўтдим. У ерда 2021 йил июл ойига қадар ишлаб, сўнг Челябинск шаҳрида иссиқхона қуриш ва унга мевали кўчатлар экиш ишлари билан шуғулландим.

2021 йил 5 август куни кечаси биз ётган ётоқхонага Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келиб, барчани қўлга олишди. Сўнг ётоқхонада тинтув ўтказишди. Тинтув ҳаракати давомида ётоқхонадан 43 грамм героин ва тарози топишди. Шундан кейин бизни вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб кетиб, 2022 йил 20 август кунига қадар сақлашди. Сўнгра гиёҳванд воситалари ноқонуний савдоси билан айблаб, менга 7 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашди”, деган йигит ўз кўрсатмасида.

А.Ҳ.ни 2022 йил сентябр ойи охирида Ленинский туманидаги қамоқхонага олиб боришган. 2023 йил сенябр ойида қамоқхона тезкор ходими у билан суҳбатлашиб, Украинага қарши урушда иштирок этиш таклифини берган. Бунинг учун пул, Россия фуқаролиги таклиф этилган.

Дастлаб бу таклифни рад этдим. 2024 йил июл ойида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қамоқхонага келиб, маҳбуслар билан суҳбат ўтказди. Бу пайтда жарима изоляторида эдим. Соғлигим ёмонлашиб бораётгани сабабли уларнинг таклифига рози бўлдим ва шартномага имзо қўйдим.