Naked Science нашри Heritage Daily’га таяниб ёзишича, топилмалар Беҳбет-эл-Ҳажар аҳоли пунктида Миср Қадимий ёдгорликлар бўйича олий кенгаши экспедицияси томонидан аниқланган.
Қазишмалар маҳаллий аҳоли вакилларидан бири уйи яқинидаги ерга ишлов бераётганда ёзувли тош бўлагини топиб олганидан кейин бошланган. У бу ҳақда ёдгорликларни муҳофаза қилиш инспекциясига хабар берган.
Дастлабки текширув тош археологик аҳамиятга эга эканини тасдиқлаган. Шундан сўнг ҳудудга махсус комиссия ва қазишма гуруҳи юборилган.
Археологлар иккита маҳобатли фиръавн ҳайкалининг қисмлари ҳамда Рамсес II билан боғлиқ иероглифлар битилган пушти гранит бўлагини топган.
Олий кенгаш бош котиби Ҳишам эл-Лейтийнинг маълум қилишича, биринчи ҳайкалнинг бошида «пшент» деб аталадиган қўш тож тасвирланган. У Юқори Мисрнинг оқ ва Қуйи Мисрнинг қизил тожларини бирлаштириб, икки ҳудуднинг фиръавн ҳокимияти остидаги бирлигини ифодалаган.
Ҳайкал орқасидаги таянч устуннинг бир қисми ҳам сақланган. Унда фиръавннинг расмий унвонлари таркибига кирган Гор номи — «Хор-ка-нахт-мери-маат» ёзуви бор. Бундай ном ҳукмдорнинг Гор худоси билан боғлиқлиги ва тахтга қонуний ҳуқуқини таъкидлаган.
Иккинчи топилма — бошқа бир фиръавн ҳайкалининг қарийб 2,4 метр баландликдаги сақланиб қолган қисми. Археологлар бу ҳайкал ҳам Рамсес II ни тасвирлаши мумкин деб ҳисобламоқда.
Унинг оёқлари ва таглиги йўқ, аммо юқори қисмида фиръавнларга хос йўл-йўл «немес» бош кийими акс этган. Бош кийимнинг тепа қисми қисман йўқолган бўлса-да, ҳайкалнинг боши ва юз чизгилари анча яхши сақланган.
Буюк Рамсес номи билан ҳам танилган Рамсес II Янги подшолик даврида Мисрнинг XIX сулоласига мансуб учинчи фиръавн бўлган. У тахминан милоддан аввалги 1279–1213 йилларда ҳукмронлик қилган. Олти ўн йилликдан ортиқ давом этган ҳукмронлиги йирик қурилишлар, ҳарбий юришлар ҳамда Миср ва Нубияда маҳобатли ибодатхоналар ва ҳайкаллар бунёд этилиши билан ажралиб туради.















