Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда HST, VEK ва RBMT МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштирганликлари аниқланган.
Хабар қилинишича, улар Telegram мессенжерида наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи халқаро гуруҳга тегишли 58 та Telegram бот орқали сотилган наркотик ва психотроп воситалари учун келиб тушган 20,9 млрд сўмни 14 нафар хорижий фуқаро номига Ўзбекистон банкларида очилган 90 та сохта (дроп) картага, 8 млрд сўмини Paynet фаолияти билан шуғулланувчи HST ва VEK МЧЖларга ҳамда 4,7 млрд сўмини CP криптодўконига ўтказишган.
Кейин эса ушбу ва бошқа маблағларни жамиятларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб олишган.
Шунингдек, улар аҳолига 621,2 млрд сўмлик Paynet хизматларини кўрсатишиб, 90,3 млрд сўмлик солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари аниқланган. Бундан ташқари, ушбу фаолиятдан орттирилган маблағлар ҳисобидан 50,5 млн АҚШ доллари миқдорида ноқонуний криптоактивлар айланмасини амалга ошириб, шундан 2,4 млн АҚШ доллари миқдоридаги криптоактивларни 14 нафар чет эл фуқаросининг валюта ҳисоб рақамларига ўтказиб, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.










