2026 йил биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистонда суғурта мукофотлари ҳажми 8,02 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,6% га ошди. Бироқ бунга чуқурроқ қараш муҳимроқ: бозор нима ҳисобига ўсмоқда ва бу ўсиш қанчалик сифатли ва барқарор?

28,6% ўсиш ортида нима турганини тушуниш муҳим

Умумий суғурта мукофотлари 28,1% га ошиб, 7,49 трлн сўмга етди. Мажбурий суғурта икки баравардан зиёд — 415,7 дан 875,7 млрд сўмгача, ФЖМС (ОСАГО) эса уч баравардан зиёд — 180,8 дан 570,8 млрд сўмгача ўсди.

Ихтиёрий умумий суғурта 21,8% га ўсиб, 6,62 трлн сўмга етди. Айнан унинг динамикасини бозор етуклигининг асосий кўрсаткичи деб ҳисоблайман. Мажбурий суғурта кенг қамровни таъминласа, ихтиёрий суғурта мижознинг суғурта ҳимоясига бўлган эҳтиёжни қай даражада англаётганини ҳамда қонун талабисиз ҳам суғурта полисини сотиб олишга тайёрлигини кўрсатади. Шу боис соҳанинг стратегик вазифаси — йиғимларни ошириш эмас, балки ҳимояга ҳақиқий талабни шакллантириш.

Тўловлар мукофотларга нисбатан анча тез ўсмоқда

Ярим йилда суғурталовчилар 2,25 трлн сўм тўлади — бу ўтган йилгидан 80,9% кўп. Тўловлар ўсишини салбий баҳолаб бўлмайди: суғуртанинг асл моҳияти мижозга зарарни қоплаб беришда намоён бўлади.

Аммо мукофот ва тўловлар ўсишидаги бундай фарқ суғурталовчилар учун муҳим сигнал. Бозор ўсиб боргани сари андеррайтинг сифати, тўғри нарх белгилаш, қайта суғурталаш ва рисклар концентрациясини бошқариш тобора муҳим бўлади. Портфелни тез кенгайтиришнинг ўзи етарли эмас — унинг сифатини самарали бошқариш зарур.

Бозорнинг молиявий салоҳияти мустаҳкамланмоқда

Суғурталовчилар устав капитали бир йилда 37,2% га ошиб, 4,29 трлн сўмга, инвестициялар эса 28,8% га ошиб, 10,74 трлн сўмга етди. Суғурта соҳаси — нафақат зарарларни қоплаш механизми, балки институционал инвестор ва узоқ муддатли капитал манбаидир.

Инвестициялар таркиби ҳозирча консервативлигича қолмоқда: портфелнинг қарийб 65% и банк депозитларига жойлаштирилган. Капитал бозори ривожланиши билан суғурта компаниялари учун янги инвестиция инструментлари ва портфелни диверсификация қилиш имкониятлари кенгайиши лозим.

Рақобат моҳиятан ўзгариши керак

Умумий суғурта бозори концентрациялашганича қолмоқда: энг йирик бешта компанияга соф мукофотларнинг тахминан 62% и, биринчи ўнталикка эса қарийб 80% и тўғри келади. Бироқ бозордан тезроқ ўсаётган суғурталовчилар пайдо бўлмоқда. Бу соҳа учун фойдали: рақобат фақат нархлар ҳисобига эмас, балки маҳсулот сифати, технологик ечимлар, даъволарни кўриб чиқиш тезлигига кўчиши керак. Хусусан, бундан суғурта қилдирувчилар ютади.