Қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш даркор.
Биринчидан, фақат пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқадиган бўлса, фуқаро банкрот деб эълон қилиниши мумкин.
Ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, алимент ундириш тўғрисидаги талаблар ёки бошқа шахсий хусусиятдаги талаблар банкротлик учун сабаб бўла олмайди. Бироқ кредиторлар қарздорга мазкур талабларни банкротлик таомили жараёнида ҳам, у тугаганидан кейин ҳам қўйишга ҳақли.
Иккинчидан, банкротлик тўғрисидаги иш, агар қарздорга нисбатан жами талаблар ЭКИҲнинг камида 30 каррасини ташкил этиб, тегишли мажбуриятлар юзага келган кундан эътиборан 3 ой мобайнида у томонидан ижро этилмаётган бўлса, иқтисодий суд томонидан қўзғатилади.
Учинчидан, қарздорларнинг мазкур тоифаси учун банкрот ЯТТларга нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган кафолатлар амал қилади. Хусусан, тугатиш массасига қарздорнинг мулкида бўлган ва у ёки унинг оиласи доимий истиқомат қиладиган (алоҳида истиснолардан ташқари) ягона турар жой (квартира) ҳамда рўйхат бўйича қатор ашёлар киритилмайди.
Тўртинчидан, суднинг қарздорни банкрот деб топиш бўйича қарорини ижро этиш чоғида фақат унинг аввалги тадбиркорлик фаолияти ҳисобидан сотиб олинган мол-мулки реализация қилинади. Мол-мулкнинг шу жумлага мансублигини иқтисодий суд белгилайди.










