21 июл кунги президент селекторида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда экспортбоп маҳсулот чиқарадиган 509 та янги қувват ишга туширилган. Бу лойиҳалар қиймати 11 миллиард долларни ташкил этади. Лекин бу корхоналарнинг 208 таси ҳалигача экспортга чиқмаган.
Агар улар маҳсулотининг камида 30-40 фоизини экспортга чиқарса, мамлакатга яна 1,5–2 миллиард доллар валюта тушиши мумкин.
Йил бошидан 47 та махсус иқтисодий зонадан 29 тасида умуман экспорт бўлмагани ҳам танқид қилинди. Қолган 18 тасидаги экспорт ҳажми 500 миллион доллардан ошмайди.
Мутасаддиларга “тезкор бригадалар” ташкил этиб, 208 та корхона ва 29 та махсус иқтисодий зонага юбориш топширилди. Бу бригадалар корхоналарнинг сертификат, айланма маблағ, бозор ва логистика билан боғлиқ масалаларини тезкор ҳал этади.
Шунингдек, икки йилдан буён 300 миллион долларлик 219 та ускуна ишлатилмай тургани, яна 619 миллион долларлик 154 та ускуна бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланмагани қайд этилди. Бир ой муддатда бу борадаги вазиятни жойида ўрганиб, мавжуд камчилик ва тўсиқларни бартараф этиш топширилди.
Маҳаллий брендларни қўшимча қўллаб-қувватлаш
Йиғилишда миллий брендларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, бу борада жорий этилган тизим натижасида маҳаллий брендлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги икки йилда миллий брендлар учун 15,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган. Лекин ўз брендини рўйхатдан ўтказган 309 та маҳаллий корхонанинг учдан бири ҳалигача экспортга чиқмаган.
Шавкат Мирзиёев бренд яратган тадбиркорлар сифат, нарх ва кафолат бўйича ички бозорда ишонч қозонганини таъкидлади. Уларга озгина кўмак берилса, ташқи бозорларда ҳам ўз йўлини топиши мумкин.
Шу билан бирга, айрим импорт маҳсулотлари демпинг нархда ёки контрафакт сифатида кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилди.
Мутасаддиларга икки ҳафтада маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.











