Ўзбекистон Республикаси президенти “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг:

а) Қуйидагиларни:

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида бўлган Чотқол биосфера, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, шунингдек, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватини штат бирликлари ва моддий-техник базаси билан бирга ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Давлат қўриқхоналари, миллий боғлар ва овчилик хўжаликлари бошқармасининг 6 та штат бирликларини амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Давлат экология қўмитаси тизимига ўтказиш;

б) 2019-2022 йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қуйидаги 5 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни:

“Жанубий Устюрт” давлат қўриқхонаси;

“Белтов”, “Оқпетки” ва “Оқдарё-Қозоқдарё икки дарё оралиғи” давлат буюртма қўриқхоналари;

“Судочье” давлат буюртма қўриқхонаси негизида “Судочье кўллар тизими” давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Давлат экология қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бошқармаси негизида Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси ташкил этилади.

Давлат экология қўмитаси:

а) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат қўриқхоналари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ва “Жайрон” Бухоро ихтисослаштирилган питомнигини молиялаштиришни яхшилаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

б) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда топшириладиган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда:

ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари ҳисобини юритиш, метеорология ва гидрология кузатувларини олиб бориш, экологик ва ижтимоий-иқтисодий кўринишга эга маълумотларни тўплаш, ифлосланишнинг атроф муҳитга таъсирини ўрганиш;

хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш соҳасига замонавий ахборот- коммуникация технологияларини жорий этишни таъминлайди;

в) икки ой муддатда:

Чотқол биосфера, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, шунингдек, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати уставларини тасдиқлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси” тадбирларининг ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилишини таъминлайди.