8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

18:30 / 21.06.2019 12636

Ўзбекистонликлар ҳар ойда ватанга 500 миллион долларга яқин маблағ жўнатишмоқда

Марказий банк ташқи сектор статистикасини яхшилаш мақсадида ўтказилган сўровнома натижаларини тақдим этди.

Тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция (ташқи сектор) ҳисобини яхшилаш доирасида 2019 йилнинг 31 майидан 13 июнига қадар аҳоли орасида аноним тарзда сўровнома ўтказилди.

Сўровномани тўлдиришда қулайлик яратиш ҳамда кенг аудиторияни қамраб олиш мақсадида, сўровнома интернет тармоғида ижтимоий тармоқлар платформалари орқали тарқатилди. 

Сўровнома  уч қисмга бўлинган бўлиб, қуйидаги мазмундаги саволларни ўз ичига олган:
- чет эл валютасидаги жамғармалар тўғрисида;
- тижорат мақсадида Ўзбекистонга олиб кирилган ва Ўзбекистондан олиб чиқилган товарлар тўғрисида (моккилик савдоси);
- чет элдан олинаётган ва/ёки кўрсатилаётган молиявий ёрдам тўғрисида. 

Сўровномада жами 2165 нафар респондент иштирок этди.

Сўровнома натижаларига кўра, 1048 нафар респондент (48,4 фоиз) чет элда бўлганини, улардан 107 нафари (10,2 фоиз) эса тижорат мақсадида Ўзбекистондан товар олиб чиққанини билдирган. 

Умуман олганда, бир нафар респондент томонидан хорижга тижорат мақсадида олиб чиқилган товарларнинг ўртача қиймати 732 доллар миқдорида ҳисобланди. 2019 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистондан чет элга чиққан резидентлар сони 2,5 млн. кишига тенглиги ҳисобга олинса, жорий йилнинг январь-март ойларида тижорат мақсадида хорижга олиб чиқилган товарларнинг жами қиймати 187 млн. доллар миқдорида баҳоланди.

Чет элда бўлиб қайтган респондентларнинг 235 нафари (22,4 фоиз) Ўзбекистонга тижорат мақсадида товарлар олиб кирганини маълум қилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар респондент томонидан ўртача 873 доллар қийматидаги маҳсулотлар Ўзбекистонга тижорат мақсадида олиб кирилганини ҳамда 2019 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистонга кириб келган резидентлар сони 1,6 млн. кишига тенглиги инобатга олинса, жорий йилнинг январь-март ойларида тижорат мақсадида олиб кирилган маҳсулотларнинг жами қиймати 320 млн. доллар миқдорида ҳисобланди.

Респондентларнинг 50 фоизи чет элда қариндоши мавжудлигини кўрсатиб ўтган бўлса, шулардан 59 фоизи чет элдан молиявий ёрдам олишини, 16 фоизи эса чет элда яшовчи қариндошига молиявий ёрдам кўрсатишини билдирди.

Бир респондент томонидан чет элдан олинаётган молиявий ёрдамнинг ўртача ойлик миқдори 354 доллар, чет элга юборилаётган ёрдамнинг миқдори эса 262 доллар экани маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра 2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига 2,4 млн. фуқаро чет элда ишламоқда. Шу муносабат билан, хориждан келиб тушадиган ва хориждаги резидентларга кўрсатиладиган молиявий ёрдамнинг ўртача ойлик суммаси мос равишда 496 млн. ва 98 млн. доллар миқдорида баҳоланди.

«Хулоса қилиб айтганда, сўровноманинг чет эл валютасидаги жамғармалар, шунингдек, чет элдан олинадиган молиявий ёрдамнинг (жорий трансфертлар) миқдори бўйича натижалари, Халқаро валюта жамғармаси тавсиялари асосида Марказий банк томонидан амалга ошириладиган эксперт баҳолашларига яқин келмоқда.

Бироқ, моккилик савдоси бўйича сўровнома натижалари асосида ҳисобланган кўрсаткичлар эксперт баҳолашлари асосида ҳисобланадиган кўрсаткичлардан ўсиш томонга фарқ қилди.

Тўлов баланси ҳамда халқаро инвестицион позиция маълумотларини яхшилаш мақсадида, сўровнома натижалари Халқаро валюта жамғармасининг ташқи сектор статистикаси бўйича навбатдаги миссияси давомида муҳокама қилинади.

Марказий банк сўровномада иштирок этган респондентларга ўз миннатдорчилигини билдиради ва фуқароларнинг кейинги сўровларда фаол иштирок этишларини кутиб қолади», дейилади Марказий банк матбуот хизмати хабарида.

Top