10:42 / 12.12.2019
4
4308
1 декабрь ҳолатига рўйхатдан ўтган корхоналар ва ташкилотлар сони очиқланди
Фото: Pixabay

2019 йилнинг 1 декабрь ҳолатига рўйхатдан ўтган корхоналар ва ташкилотлар сони 415,1 мингтага етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,0 фоизга ўсди.

Давстатқўм хабарига кўра, 2019 йил 1 декабрь ҳолатига фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 395,9 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига солиштирилганда 74,3 мингтага (23,1 фоиз) ўсган.

Фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрадиган бўлсак, асосан саноат (70 420 та ёки 17,8 фоиз), савдо (99 673 та ёки 25,2 фоиз), қурилиш (36 227 та ёки 9,1 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (29 061 та ёки 7,3 фоиз), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар (25 488 та ёки 6,4 фоиз) фаолият турлари ҳиссасига тўғри келади. Энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда (7 829 та ёки 2,0 фоиз), ахборот ва алоқа (7 915 та ёки 2,0 фоиз) ҳамда ташиш ва сақлашда (15 366 та ёки 3,9 фоиз) ташкил этган.

2019 йил 1 декабрь ҳолатига 335,0 мингта тижорат шаклидаги корхоналар ва ташкилотлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан хусусий корхоналар - 84,2 мингта, оилавий корхоналар - 26,5 мингта, масъулияти чекланган жамиятлар - 217,6 мингта ва бошқалар 6,7 мингтани ташкил этган.

2019 йил январь-ноябрь ойларида 89 923 та корхона ва ташкилотлар янги ташкил этилган бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 мартага кўпдир.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг кўпи саноат ҳамда савдо ва яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасига ҳамда энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ахборот ва алоқа каби фаолият турлари ҳиссаларига тўғри келади.

Рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамиятлар сони 2019 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 227 207 тани ташкил этиб, улардан 217 594 таси ёки 95,8 фоиз фаолият кўрсатади. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан олганда 51 590 тага ёки 29,4 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.

2019 йилнинг январь-ноябрь ойларида республикада 56,6 мингтага яқин масъулияти чекланган жамиятлар янги ташкил этилди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,5 мингтага кўп.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top