13:35 / 22.03.2020
50421
Ўзбекистонга қайтишни сўраб мурожаат қилган хориждаги ватандошлар сони очиқланди

22 март ҳолатига кўра, оператив штабларга 5800дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтишни сўраб мурожаат қилди. 7та чартер рейси орқали 1750дан ортиқ ватандош Ўзбекистонга олиб келинди.

Фото: Uzbekistan Airways

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва республиканинг чет элдаги 53та элчихона ва консулхоналарида оператив штаблар тузилган.

22 март ҳолатига кўра, оператив штабларга 5800дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ва 2800дан ортиқ чет эл фуқароси ватанга қайтишни сўраб мурожаат этган.

Бу ҳақда вазир маслаҳатчиси Жаҳонгир Хидайхўжаев 22 март куни АОКА қошида коронавирусга қарши махсус ташкиллаштирилган штабда, «UzReport» телеканали орқали тўғридан-тўғри узатилган брифингда маълум қилди.

«Россия, Туркия, Миср, Ҳиндистон, Малайзия, Корея Республикаларидан 7та чартер рейслари орқали жами 1750дан ортиқ фуқароларимиз ватанга қайтарилди. Улар 14 кунлик карантинга олинган.

Турли йўналишларда чартер рейслар ташкил этиш бўйича ишлар давом этмоқда», – деди вазир маслаҳатчиси.

Хидайхўжаевнинг сўзларига кўра, дипломатик ваколатхоналарнинг барча ходимлари оператив штабларга бириктирилган, ваколатхона раҳбарлари эса штаб фаолиятига шахсан бошчилик қилмоқда.

Оператив штаблар қуйидагилар билан шуғулланмоқда:

  • Ўзбекистонга қайтишни истаган фуқароларнинг рўйхатини шакллантириш;
  • хорижий давлатларнинг ўз фуқароларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича мурожаатларини ўрганиш;
  • Республика махсус комиссиясига чартер рейсларни ташкиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
  • ҳамюртларимизнинг чет эл ҳудудида қонуний бўлиб туришлари виза ва бошқа турдаги рўйхатдан ўтиш масалаларини ҳал қилишда амалий кўмак бериш;
  • чет эл давлатларидан тиббиёт соҳасининг тажрибали мутахассисларини жалб этиш;
  • коронавирусни аниқлаш воситаларини мамлакатимизга олиб келиш бўйича чоралар кўриш;
  • коронавирусга қарши курашишда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистоннинг ваколатли ташкилотларига етказиш;
  • фуқароларимизнинг аҳволини ўрганиш ва улар билан доимий мулоқотда бўлиш.
Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top