15:05 / 22.03.2020
15017
Талабалар, коллеж ва лицей ўқувчилари учун телевизион дарслар йўлга қўйилмоқда

Таълим муассасаларида карантин туфайли дарслар тўхтатилгани боис талаба ва ўқувчилар учун ўтиладиган масофавий таълим графиги маълум қилинди.

Фото: Fotolia

Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари карантинга ёпилгани боис талабалар ҳамда ўқувчиларга телеканаллар ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар орқали масофавий таълим йўлга қўйилади.

Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов АОКА қошидаги махсус штабда бўлиб ўтган брифингда маълумот берди.

«Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқув дастурларимиздаги мавзуларни онлайн ўтказиб бориш тизимини йўлга қўйдик. Таътил вақтида талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида Телеграм ижтимоий тармоғида @eduuz_online лойиҳаси йўлга қўйилди. ОТМларнинг энг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган видеомаърузалар ушбу каналга мунтазам жойлаштириб борилади», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, UzReport ва «Менинг юртим» (MY5) телеканаллари орқали ҳам олий ўқув юртлари талабалари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари учун аниқ график асосида видеодарслар узатилади.

«Менинг юртим (MY5) телеканалида ҳафтанинг душанбадан жума кунига қадар соат 10:30дан 12:00гача ОТМ талабалари учун психология ва инглиз тили фанларидан маъруза машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.

UzReport телеканали билан ҳамкорликда ташкил этиган «Teledars» кўрсатуви ҳам ўқувчиларга уйдан чиқмасдан сифатли таълим олиш имконини беради.

«Teledars»да дам олиш кунларидан ташқари ҳар куни 10:15да география, 11:15да математика, 12:15да физика фанларидан дарслар тўғридан-тўғри эфирга узатилади», деди Узоқбой Бегимқулов.

Қўшимча қилинишича, «Teledars» дастурини UzReport телеканалнинг Facebook ва YouTube манзиллари орқали бевосита онлайн эфирда кўриш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Facebook саҳифаси ва YouTube каналида ҳам масофавий дарсларни кузатиб бориш мумкин.

«Республика ОТМларида ўқув жараёни узлуксизлигини таъминлаш ҳамда талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб методик қўллаб-қувватлаш мақсадида масофавий таълим платформаси ишлаб чиқилди.

Фанларнинг электрон ўқув-ресурслари (видео, аудио, мультимедияли материаллар, тақдимот ва бошқалар)ни яратиш ҳамда платформага жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Талабалар учун масофавий таълим платформасидан фойдаланиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди.

Ушбу платформалар келгуси ҳафтадан бошлаб ишга туширилади.

Бу эса таътилдан сўнг ҳам талабаларга мустақил ўрганиш имкониятини бериб, вақтдан тежашимизга ёрдам беради.

Шунингдек, маълум бир фанларни индивидуал график асосида ўзлаштириш имконияти кўриб чиқилади», – дея маълум қилд Узоқбой Бегимқулов.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top