08:21 / 19.08.2020
4175
Жо Байден АҚШ президенти сайловларига расман номзод этиб тасдиқланди

18 августда АҚШ Демократик партияси ноябрда ўтадиган президент сайловлари учун ўз номзоди сифатида Жозеф Байденни тасдиқлади. Бу қарор партиянинг Милуокида ўтган қурултойида қабул қилинди.

Фото: AP/Carolyn Kaster

Номзод бўйича овоз бериш пандемия сабабли онлайн форматда ўтган. АҚШ штатлари ва денгизорти ҳудудлари делегациялари вакиллари Байден ёки Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс учун овоз беришларини навбат билан эълон қилишган. Сандерс Байденнинг партия ичидаги курашдаги асосий рақиби бўлган, аммо апрелда сайловолди пойгасидан чиқиб кетган.

Байденга умумий ҳисобда 3550 тадан кўпроқ, Сандерс учун 1150 тадан кўпроқ овоз берилган. Охирги бўлиб Делавэр штати вакиллари сўз олишган. Байден айнан шу штатда ҳаётининг кўп қисмини яшаган.

АҚШ президенти сайловлари 3 ноябрга белгиланган.

Top