09:54 / 27.03.2021
2238
Депутат ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисида судга даъво киритишда давлат ташкилотлари бождан озод этилишига қарши чиқди

2021 йил 25 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ялпи мажлисда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қуйидаги икки қўшимчани назарда тутмоқда:

  • офатлар юз бергани оқибатида жабрланган жисмоний шахсларнинг йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини такрорий берганлик учун тўловлардан озод қилиш;
  • давлат органлари ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисида иқтисодий судларга даъво киритадиган тақдирда уларни давлат божини тўлашдан озод қилиш.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу қонун лойиҳасининг биринчи қисмини қўллаб-қувватлашини, Сардоба сув омборидан жабр кўрганларга бундай имконият берилгани оқибатида уларга маълум миқдорда енгиллик бўлганини таъкидлади.

Бироқ, лойиҳанинг иккинчи қисми­ ­– давлат органларини ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш бўйича иқтисодий судга даъво киритишда давлат божидан озод қилиш тартиби салбий оқибатларга олиб келишини таъкидлади.

Депутатнинг фикрича, ушбу лойиҳа қабул қилинса, ҳокимликлар арзимаган сабаб билан ҳам судга даъво кирита бошлайди ва уларда даъво киритишдан олдинги масъулият, судда ютқазишдан қўрқув ҳисси йўқолиб қолади. Бу эса пировардида кўплаб тадбиркорларни сарсон қилиш мумкинлигини англатади.

«Ҳозирда давлат божи ҳокимликларни бирмунча тийиб турибди, агар уларни бундан озод қилсак, эртага ҳокимлик ўзига ёқмай қолган тадбиркор қурган бинонинг томи озгина қийшиқлигини баҳона қилиб ҳам судга даъво киритаверади», дейди Расул Кушербаев.

Бошқа бир депутат Шуҳрат Полвонов ҳам ҳамкасбининг фикрларини қўллаб-қувватлади.

Шунга қарамай, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов лойиҳадаги эътирозли жиҳатларни кейинги ўқишда яхшилаб кўриб чиқиш шарти билан биринчи ўқишда қонун лойиҳасини концептуал қабул қилиш масаласини овоз беришга қўйди. Қонун лойиҳаси депутатларнинг кўпчилик овозини олиш натижасида биринчи ўқишда концептуал қабул қилинди. 

Маълумот учун, 2020 йил 30 ноябр куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида давлат органларини ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божидан озод қилиш таклиф этилганди.

Top