10:26 / 20.04.2021
3096
Атроф-муҳитни энг кўп ифлослантирувчи сайтлар рейтинги эълон қилинди
Фото: pixabay.com

Мутахассислар сайёрамиз атмосферасини карбонат ангидрид гази билан энг кўп ифлослантирувчи интернет сайтлари рейтингини тузишди. Green Queen нашрининг хабар беришича, Reddit кўнгилочар сайти атроф-муҳитни энг ифлослантирувчи сайт деб топилди. 

Турли ресурсларнинг ўз иши давомида қанча энергия истеъмол қилишини таққословчи Uswitch британ платформаси 200та энг оммавий сайт атмосферада қолдирадиган «углерод излари»ни ҳисоблаб чиқди. Бунда сайтнинг энергия истеъмолига таъсир қилиши мумкин бўлган кўплаб омиллар – хостингдан тортиб то сайтда қўлланувчи шрифт ўлчами, сурат, видео ва ранглар ҳисобга олинди. Шунингдек, булутли хизмат, телекоммуникацион тармоқ томонидан сарфланувчи энергия ва тикланувчи энергия манбаларида ишловчи маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳам назарда тутилган. 

Натижаларга кўра, Reddit кўнгилочар сайти сайёрани энг ифлослантирувчи сайт деб топилди. Маълумотларга кўра, ушбу сайт фойдаланувчининг фақат биргина ташрифи ва сайтда 69та «клик» (бирор ахборот устида сичқончани босиш) бажаришининг ўзида атроф-муҳитга 13,05 грамм карбонат ангидрид чиқаради. Бу миқдор автомобилда 5 км йўл босиб ўтилганда чиқадиган зарарли газга тенг. 

Антирейтингнинг юқори учлигидан Pinterest сайти (бир ташриф вақтида атроф-муҳитга 12,43 грамм CO2 чиқаради) ва Nintendo ўйинлар портали (11,43 грамм CO2) жой олди. Бундан ташқари, Accuweather об-ҳаво маълумотлари сайти, ESPN спорт платформаси, Victoria’s Secret бренди сайти, Uniqlo мода тармоғи, электроника ва гаджетлар интернет-дўкони, Banggood ҳамда Alibaba сайти атроф-муҳитни энг ифлослантирувчи сайтлар юқори ўнталигига киритилди. 

Бу орада Википедия сайти интернетдаги энг «тоза» сайт деб топилди. У фойдаланувчининг бир ташрифи вақтида атроф-муҳитга бор-йўғи 0,04 грамм карбонат ангидрид гази чиқарар экан. Шунингдек, LinkedIn ижтимоий тармоғи, H&M мода гиганти сайти, Paypal онлайн-тўловлар тизими, WordPress веб-сайти, Coinbase криптовалюта биржаси ҳам энг зарарсиз сайтлар деб топилган. 

Эътиборлиси, таҳлил турли соҳаларда юритилувчи сайтлар сайёрамиз атмосферасига турлича таъсир қилишини кўрсатган. Мисол учун, масофадан ишлашда қўлланувчи сайтлар мода ва гўзаллик соҳаларида юритилувчи сайтлардан кўра экологик софроқ экани аниқланган.

Top