11:17 / 05.05.2021
310
Хоразм божхона постларида махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди

Хоразм вилоятининг «Дўстлик» ва «Шовот» чегара-божхона постларида «Санкцияланмаган ионлаштирувчи нурланиш манбалари топилиши билан боғлиқ аварияни бартараф этишда фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари» мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.

Унда вилоят божхона, ИИБ, ФВБ ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, «Саноатгеоконтехназорат» минтақавий инспекцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари қатнашди.

Режага мувофиқ, дастлаб мамлакатимизга кириш йўналишида енгил  автомашина ҳаракатланди ва дозиметрик назоратдан ўтказиш жараёнида божхона постидаги радиацион портал монитор ташвиш сигналини берди. Аниқланган ҳолат бўйича тезкор навбатчи томонидан тегишли идораларга хабар берилди.

Шундан сўнг, жалб этилган гуруҳлар томонидан номаълум ионлаштирувчи нурланиш манбаси топилган жой радиациявий ифлосланиш ўчоғининг кенгайишига йўл қўймаслик ҳамда уни зарарсизлантириш ишлари амалга оширилди.

Бундай ўқув машғулотларини ўтказишдан асосий мақсад – чегара-божхона постида ионлаштирувчи нурланишнинг санкцияланмаган манбаларини аниқлаш, объект раҳбарлар таркиби, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ҳамда тегишли фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари шахсий таркибининг ҳаракатлари ва билимларини ошириш ҳамда уларда амалий кўникмалар ҳосил қилиш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳисобланади.

Республикамизга радиоактив материалларнинг ноқонуний кириб келишини олдини олиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси тасарруфидаги барча чегара-божхона постларида уч турдаги: йўловчилар, автомобиллар ва темирйўл вагонлари учун радиацион назорат қурилмалари ўрнатилган.

Top