Лойиҳа 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига амалга оширилади. Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси ушбу маблағни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади.

«Ҳукумат мамлакатдаги бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тизимидаги ислоҳотларга устувор аҳамият бермоқда. Янги лойиҳа Давлат солиқ қўмитаси фаолиятини солиқ тўловчилар манфаатлари нуқтайи назаридан такомиллаштиришга ёрдам беради», дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. 

Лойиҳа солиқ солинадиган базани кенгайтиради, бу ҳозирги кунда ЯИМнинг тахминан 50 фоизини ташкил этадиган иқтисодиёт норасмий секторини қисқартиришга ёрдам беради, солиқ тушумлари ҳажмини кўпайтиради ҳамда янада самаралироқ солиқ маъмуриятчилиги тизимидан фойдаланиб маҳаллий фирма ва компанияларга янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради.

Лойиҳа учта асосий компонентни ўз ичига олади, улар Давлат солиқ қўмитасининг операцион, институционал, технологик ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беради, шунингдек, Ўзбекистонда солиқ қонунчилиги талабларига ихтиёрий риоя қилишни рағбатлантиради.

Лойиҳа биринчи компоненти Давлат солиқ қўмитасига солиқ маъмуриятчилиги асосий иш жараёнларини автоматлаштиришга сармоя киритишга имкон беради. Бунга қуйидагилар киради: 

  • қоғоз ҳужжатларни қисқартириш ҳамда юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқларни тўлаш жараёнини соддалаштириш мақсадида ДСҚ солиқ бошқарувининг янги ахборот тизимини ишлаб чиқиш; 
  • ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) инфратузилмасини модернизация қилиш; 
  • ДСҚ учун янги маълумотларни сақлаш марказини яратиш; 
  • АКТ учун масъул бўлган ДСҚ бўлинмаларининг ўз фаолиятини бошқариш ва режалаштиришдаги имкониятларини такомиллаштириш.

Лойиҳа иккинчи компоненти иқтисодиёт норасмий секторини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёрдам беради. Бунга қуйидаги чоралар киради: 

  • солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича ДСҚнинг ижро этувчи салоҳиятини яхшилаш; 
  • бизнесни солиқ тўлашдан бўйин товламасликка ундаш, шу жумладан солиққа оид бўлмаган имтиёзлардан фойдаланиш орқали рағбатлантириш; 
  • хусусий сектор билан шериклик алоқаларини ривожлантириш, шу жумладан солиқ тўловчилар хатти-ҳаракатларини ўзгартириш ва солиқ қонунчилигига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган янги ёки соддалаштирилган солиқ сиёсати ва процедураларини ишлаб чиқиш орқали.

Лойиҳа учинчи компоненти малакали ва компетенцияга эга ходимларни ишга жалб қилиш мақсадида ДСҚнинг инсон ва институционал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган. Бунга доимий равишда малака ошириш ва касбий тайёргарликни такомиллаштириш орқали ДСҚ ходимларни бошқариш сиёсатини такомиллаштириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш бўйича бир қатор тадбирлар киради.