15:15 / 08.01.2022
33129
Туркманистон президенти «Дўзах дарвозаси» кратеридаги оловни ўчиришни буюрди

Бердимуҳамедовнинг таъкидлашича, Дарвоза регионида кўп йиллардан буён йирик миқдордаги газ ёнмоқда ва бу экологияга ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Фото: Turkmenportal

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов «Дўзах дарвозаси» деб ном олган Дарвоза газ кратеридаги оловни ўчириш йўлини топишни талаб қилди, деб хабар бермоқда Интерфакс.

Хабарга кўра, Бердимуҳамедов бош вазир ўринбосари Шаҳим Абдураҳмоновга бу масалани ҳал қилиш топшириғини берган.

Туркманистон президентининг таъкидлашича, Дарвоза регионида кўп йиллардан буён йирик миқдордаги газ ёнмоқда ва бу экологияга ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бердимуҳамедов бош вазир ўринбосарига оловни ўчириш учун олимларни тўплашни, зарур бўлса, хорижлик мутахассисларни жалб этиш топшириғини берган.

Туркманистон президенти ёнаётган кратерни ўчириш масаласини биринчи марта 2010 йилда кўтариб чиққанди. Ўшанда у кратер кўмиб ташланиши ёки бошқа чора топилиши кераклигини айтганди. Аммо вазият ўзгаришсиз қолган.

Дарвоза кратери 1971 йилда ерости гази тўпланган жойда пайдо бўлган. Ташқарига чиқаётган газ одамларни заҳарламаслиги учун кратерни ёндиришга қарор қилинган. Олов бир неча кунда ўчиши тахмин қилинган, аммо 50 йилдан буён ёнмоқда.

Ўтган йил ноябрида туркманистонликларга «Дўзах дарвозаси»га яқин бориш тақиқлангани хабар қилинганди.

Top