16:17 / 07.04.2022
20181
Ўзбекистонда долларнинг расмий курси қаторасига учинчи кун пасайди

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 8 апрелда амалда бўладиган қийматини белгилади.

Унга кўра, долларнинг расмий курси 8,05 сўмга пастлаб, 11 362,51 сўмни ташкил қилди. Евро 32,64 сўмга пастлаб, 12 376,05 сўм бўлди. Рубль 11,33 сўмга кўтарилиб, 147,09 сўмга тенг бўлиб турибди

6 апрель куни долларнинг расмий курси кетма-кет иккинчи кун пастлаб, 11 370,56 сўмни ташкил қилганди.

Bankers.uz маълумотига кўра, охирги икки ҳафтада ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 1,77 фоизга (201,43) мустаҳкамланган.

Март ойидаги АҚШ долларига бўлган талабнинг кескин ошиши Наврўз байрами арафасида — 18 март куни ўзининг чўққисига чиқди. Марказий банк 18 март учун АҚШ доллари курсини 11 571,99 сўм этиб белгилаган эди. Ўшандан буён долларнинг расмий курси аста-секин пасайиб бормоқда.

Миллий валюта қадрининг ошишига бир қатор омиллар сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Хусусан, Марказий банк I чоракда ички бозорда 2,4 млрд. долларлик валюта интервенциясини амалга оширган. Шунингдек, 17 март куни Марказий банк асосий ставкаси 3 пунктга кўтарилиб, 17 фоиз қилиб белгиланди.

Top