18:31 / 03.09.2022
15721
Эрдўған Грецияни тарихдан сабоқ олишга чақирди

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Туркия технологияларни ривожлантираётганининг сабаби янги урушларга уриниш эмас, балки мамлакат қудратини мустаҳкамлашга қаратилган мажбурий чора ҳисобланади.

Фото: AP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат геосиёсий нуқтаи назардан мураккаб минтақада ўзининг заиф бўлишига йўл қўймаслигини таъкидлади.

«Биз Туркияни ҳар томонлама мустаҳкамлашга мажбурмиз. Туркия технологияларни ривожлантираётганининг сабаби янги урушларга уриниш эмас, балки мамлакат қудратини мустаҳкамлашга қаратилган мажбурий чора», - деди у Самсун шаҳрида ўтказилаётган TEKNOFEST KARADENIZ авиация, космонавтика ва технологиялар фестивалида.

Туркия президенти Греция ҳукуматини тарихдан сабоқ олишга чақирди.

«Агарда ҳозирги провокацияларни давом эттирадиган бўлсангиз, бунинг бадали катта бўлади. Афинага фақат бир гапим бор: Измирни эсдан чиқарманг!».

У бу гапи билан 100 йил аввал Мустафо Камол Отатурк қўмондонлиги остидаги турк армияси грек қўшинларини Анатолия ва Измирдан қувиб чиқарганини эслатди.

«Греция оролларни босиб олгани Туркияни тўхтата олмайди. Биз керакли вақтда керакли ҳаракатни амалга оширамиз. Бу кутилмаганда ва ҳар қандай тунларнинг бирида содир бўлиши мумкин», - деди Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Top