Президентнинг қайд этишича, ушбу чоралар келгуси беш йилда 180 млрд доллар хорижий инвестиция ҳисобига 1 млн юқори даромадли иш ўрни яратишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, ҳар бир келишувни лойиҳага айлантириш, сармояларни қисқа фурсатда жалб қилиш ва самарадорлигига масъул бўладиган, фақат инвестиция билан ишлайдиган алоҳида янги тизим яратилиши белгиланди. Маҳаллий саноат ва кооперацияни ривожлантириш бўйича ҳам худди шундай тизимни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ экани айтилди.
Давлат раҳбари иқтисодиётни рақобатдош қилиш, инвестициялар самарадорлигини ошириш ва саноат тармоқларини технологик трансформация қилиш янги ёндашувларни талаб этишини таъкидлаб, шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.
Шунингдек, янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш мақсадида саноатни ривожлантириш дастури бошланиши айтилди. Унга кўра, келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 млрд доллардан камида 60 млрд долларга етказиш, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқларда маҳсулот ҳажмини 2,5 баробар ошириш марра сифатида белгиланмоқда.
Бу мақсадларга тайёргарлик доирасида 2026 йилда 52 млрд долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилиши, келгуси йилнинг ўзида эса 14 млрд долларлик 228 та йирик янги қувватлар ишга туширилиши қайд этилди.
Мисол сифатида Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 млн долларлик лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 2 млн тонна маъдан қайта ишланиши айтилди. Шунингдек, «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2,3 млрд долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.
Натижада йилига 18 млн тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиши ва 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда.










