21:13 / 04.07.2022
35086
Қорақалпоғистондаги қурбонларнинг 4 нафари ҳарбийлар бўлгани маълум қилинди

Миллий гвардия қўмондони, Қорақалпоғистон коменданти Рустам Жўраев видеомурожаат билан чиқиб, фавқулодда ҳолат даврида фуқароларнинг ўзини қандай тутиши лозимлиги бўйича тушунтиришлар берди.

1-2 июл кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлган 18 кишидан 4 нафари ҳарбий хизматчилар бўлган. Бу ҳақда Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев маълум қилди.

“Вафот этганлар қаторида хизмат бурчини бажарган 4 нафар ҳарбий хизматчи ҳам бор”, деди Жўраев 4 июл кунги видеомурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, яна 14 нафар фуқаро тартибсизликлар содир бўлган жойда турли жароҳатлар олиб, вафот этишган. Шулардан 13 нафари алкогол ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлгани аниқланган.

“Тергов ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда кейинчалик батафсил маълумот берилади”, деди қўмондон.

Рустам Жўраевга кўра, тартибсизликлар натижасида 243 нафар фуқаро шифохоналарга мурожаат қилган. Уларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйида давом эттиришига рухсат берилган. Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда. Жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.

Қорақалпоғистон ҳудудида 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилган. Бу даврда соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати амал қилади. Комендант Рустам Жўраев фавқулодда ҳолат даврида фуқароларнинг ўзини қандай тутиши лозимлиги бўйича тушунтиришлар берди.

Унинг айтишича, ҳозирда Қорақалпоғистонда фуқаролар ва транспортлар ҳаракати чекланган, шаҳар ва туманларга киришда фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлиши шарт. Шунингдек, оммавий тадбирлар тақиқланган.

“Бугундан бошлаб, белгиланган вақт давомида ҳаракатланиш учун ташкилотлар, маҳалла йиғинларининг сўрови асосида махсус рухсатномалар тарқатилиши йўлга қўйилди.

Рухсатномаларни бериш ваколати туман/шаҳар ички ишлар идораларининг бошлиқларига юклатилди”, деди Жўраев.

Миллий гвардия раҳбарига кўра, фавқулодда ҳолат эълон қилиниши барча ҳаёт фаолияти тўхтади дегани эмас.

“Эрталаб соат 7дан соат 21гача бўлган вақт давомида фуқаролар бемалол пиёда ва автоуловда ҳаракатланиши мумкин. Лекин шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини ёнида олиб юриш тавсия қилинади.

Оилаларда ўтказиладиган маросимлар, маҳаллаларда ташкиллаштириладиган спорт мусобақалари, ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар, нуронийлар ва ёшлар билан учрашувлар жойлардаги маҳалла раислари, маҳаллий ҳокимият идораларининг сўрови асосида комендант рухсати билан соат 21гача ўтказилиши мумкин.

Комендантлик соати вақтида фуқароларнинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва рухсатномаси бўлмаган тақдирда, патрул наряди талабига кўра, қаршилик кўрсатмаган ҳолда ҳудудий ички ишлар идорасига боришлари лозим.

Ушбу масалалар юзасидан саволлар бўлса, Миллий гвардияга – 1215 қисқа рақамига мурожаат этишингиз мумкин”, – деди Жўраев.

Генерал Рустам Жўраев фавқулодда ҳолат даврида жорий этилган чекловларни бузганлик учун МЖтКнинг 204- ва 205-моддаларига асосан жарималар ва 30 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланганини эслатди.

“Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида чоралар ва талабларга риоя қилишингизни сўраймиз. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз тинч, осойишта ҳаётимизга қайтишимизни таъминлайди”, – дея таъкидлади Қорақалпоғистон коменданти.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top