21:48 / 20.09.2019
4
53109
Шаръий никоҳ ўқигани учун жавобгарликка тортиш тўғри эмас – Адлия вазири ўринбосари

Ўзбекистонда ҳар йили битта туманга 100та ноқонуний никоҳ тўғри келмоқда. Бу рақамни келтирган сенатор Энахон Сиддиқованинг фикрича, баъзида ким томонидан ўқилгани ҳам номаълум бўлган айрим шаърий никоҳлар ажримлар сони ошишига таъсир қилмоқда.

«Ноқонуний шаърий никоҳ учун айрим қўшни давлатларимизда ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган», деди Сиддиқова тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг биринчи мажлисида.

Энахон Сиддиқова

Сенаторнинг бу сўзларига Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев муносабат билдирди.

«Шаърий никоҳ масаласида битта нарсани тўғри тушуниш керакки, ислом динида никоҳни, албатта, имом ўқиши шарт, деган нарса йўқ. Шунинг учун биз бу борада қонун бўйича ҳам қанақадир жавобгарлик белгиламаганмиз.

Етарли диний билимга эга шахс никоҳ ўқиши мумкинлигини ҳисобга олсак, уларга жавобгарлик белгилаш унчалик тўғри эмас», – деди Адлия вазирлиги расмийси.

Худоёр Мелиев

Қайд этиш керак, Ўзбекистонда қонуний никоҳдан ўтмаган фуқароларга шаърий никоҳ ўқиган шахслар МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш), 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) ва 47(3)-моддаси 3-қисми (Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш) асосида жаримага тортиб келинади.

Шунингдек, «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорга асосан, оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилиши шарт этиб белгиланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top