Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЎРВИ эпидемияси, қиш учун ваъдалар ва Ҳажга ёпиқ навбат — ҳафта дайжести
Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.
ЎРВИ тарқалиши кескин кўпайиб, тиббиёт тизимига юкламани оширди
Ноябр ойи бошидан бери Ўзбекистон бўйлаб грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайгани кузатиляпти. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, энг кўп касалланиш ҳолатлари болалар орасида ва Тошкент шаҳрида кузатиляпти. Вазирлик пойтахтдаги болалар шифохоналарига юклама ортиб кетганини тасдиқлади. Айни пайтда шифохоналарда жой қолмагани, тез ёрдам 2 соатгача кечикиб етиб келаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Пайшанба куни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бу масалада йиғилиш ўтказди. Унда Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ЎРВИга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш, тез ёрдам чақирувларига захирадаги 40 та автомашинани ажратиш, амбулатор даволаниши мумкин бўлган беморларга уйга жавоб берган ҳолда уларнинг соғлигини кузатувга олиш каби чоралар белгиланди.
Ҳафта давомида Хитойда болалар орасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб кетгани ва бу янги вирус билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳам хавотирларга сабаб бўлди. Мамлакат шимолидаги бир нечта шаҳарларда болалар касалхоналари тўлиб кетган. Хитой расмийлари бу ҳолатни об-ҳавонинг совиб кетиши ва COVID-19 бўйича чекловлар олиб ташланиши билан изоҳлади. Расмий Пекин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўровига жавоб бериб, эпидемияга аллақандай янги сирли вирус сабаб бўлаётгани ҳақидаги тахминларни рад этди.
Бу хабарлар фонида Наманганда қизамиқ билан касалланиш ўчоғи пайдо бўлгани маълум бўлди. Санэпидқўм хабарига кўра, йил бошидан буён вилоятда қизамиқ билан касалланиш бўйича 735 та ҳолат қайд этилган. Ҳозирда уч ёшгача бўлган 255 нафар бола даволанмоқда. Таққослаш учун, 2022 йил давомида бутун республика бўйлаб қизамиққа чалиниш бўйича атиги 8 та ҳолат қайд этилган. Расмийлар вилоятда диагностикум, реагент ва вакциналарнинг захираси етарли миқдорда эканини маълум қилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий хизматларни қўшилган қиймат солиғидан озод этиш бўйича имтиёз бекор қилиниши кутиляпти. Бундан мақсад ҚҚС занжирини тиклаш экани айтилмоқда. Якуний истеъмолчи томонидан тўланадиган 12 фоизлик солиқнинг қайтарилиши дори-дармонлар нархига қандай таъсир қилиши бўйича масъуллардан ҳозирча изоҳ бўлмаган.
Энергетика тизими “об-ҳавонинг ҳар қандай инжиқ келишига тайёр”лиги айтилди
Бу йил қишда ўтган мавсумдагидек энергетика инқирози рўй бермаслиги учун ҳукумат миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаб, тизимни янгилаш ишларини амалга оширган. Бу ҳақда чоршанба куни парламентда ҳисобот берган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов айтиб ўтди. Вазирнинг сўзларига кўра, бир қисми қарзлар ҳисобига тўғри келадиган 14,5 трлн сўм маблағ эвазига, йил давомида энергетика инфратузилмасининг юкламаларга бардошлилиги оширилган. Мирзамаҳмудов ўз чиқишида электр энергияси, табиий газ, суюлтирилган газ, кўмир, мазут ва иссиқлик таъминоти ҳамда энергосамарадорлик борасида қилинган кўплаб ишларни санаб ўтди, лекин инқироз такрорланмаслиги борасида дадил баёнотлар беришдан тийилди. Ўтган мавсумдагидек аномал совуқ такрорланиши эҳтимоли бўйича ҳисоб-китоблар қилинганини айтган энергетика вазири, шундай бўлган тақдирда, газ-шохобчаларига таъминот 30 фоизга қисқариши мумкинлигини айтди.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, 2023 йилда истеъмолчиларга 2022 йилга нисбатан 6,5 фоиз кўпроқ электр энергияси етказиб берилади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида аҳоли хонадонларига бериладиган электр энергияси миқдори 2023 йилда 50 фоизга кўпайиши ҳақида айтилганди. Вазир ўз чиқишида айтган яна айрим рақамлар ҳам эътиборга молик. Унга кўра, йил бошидан бугунги кунгача, яъни 11 ой давомида умумий қуввати 673 MW бўлган 6 та станция ишга тушган. Йил охиригача эса, яъни атиги 1 ой муддатда умумий қуввати 2000 MW'га яқин бўлган 8 та лойиҳа ишга тушиши керак. Оддий математикага таянсак, бу ваъда амалга ошиши учун, янги йилгача ўртача ҳар беш кунда битта янги станция ишлай бошлаши керак.
Мирзамаҳмудов ва унинг жамоаси пайшанба куни президент олдида ҳам қишга тайёргарлик бўйича ҳисобот берди. Унинг айтишича, тизим 1 декабрдан бошлаб 24 соатлик иш тартибига ўтади. Йил давомида республика бўйича 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг км тармоқлар янгиланган. Мавсум давомида Россия ва Туркманистондан 5 млрд кубометр газ импорт қилиш бўйича келишиб олинган. Суюлтирилган газ, мазут, трансформатор, кабел ва бошқа керакли воситалар захира қилиб қўйилган.
Энергетика вазиридан фарқли равишда, унинг тизимидаги бир қатор амалдорлар дангал ваъдалар билан чиқишлар қилди.
“Тизим об-ҳавонинг ҳар қандай инжиқ келишига тайёр, шай ҳолатга келтирилди. Бу истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида бир маромда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш имконини беради”, – деди “Ҳудудгазтаъминот” раиси Баҳодир Эшмуродов.
“Ер ости газ сақлаш омборларимиз бугунги кунда 100 фоиздан ортиқ даражада тўлдирилган... Ўтган йилдагидек аномал ҳолатга бу йил биз тўлиқ тайёрмиз. Ҳар қандай аномал совуқ кириб келадиган бўлса ҳам, омборларимизда захираларимиз етарли. Аҳолимизга барқарор газ етказиб бера оламиз”, – деди “Ўзтрансгаз” раиси Асқар Исоқов.
“Бу йилги куз-қиш мавсумига ўтган йили йўл қўйган хато ва камчиликларимиздан хулоса қилган ҳолда тайёргарлик кўрганмиз. Подстанцияларимизнинг қувватини қарийб 5,5 мегаваттга кўтардик. “Ремонт” ишларимиз ҳаммаси якунланган. Куз-қиш мавсумида ҳар қандай фавқулодда ҳолатга, об-ҳавонинг ҳар қандай шароитига ҳам тайёрмиз. Қишда энергетика тизими барқарор ишлашини таъминлаймиз”, – деди “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” раиси Дадажон Исақулов.
Мактаблар олдига ва пиёдалар ўтиш жойларига – радарлар
Ҳафта давомида автоҳалокатларни камайтиришга қаратилган навбатдаги президент фармони эълон қилинди. Унга кўра, йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида махсус фото-видео қайд этиш воситалари ўрнатилади. Бундай воситалар, шунингдек, камида тўрт полосали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ва йўл-транспорт ҳодисалари кўп рўй берадиган жойларда ҳам ўрнатилиши керак. Бу мосламалар тезлик режими, пиёдаларга йўл бермаслик ва пиёдаларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни қайд этиб боради.
Радарларнинг кўпайиши ҳайдовчиларга ёқмаслиги мумкин, лекин қоидабузарликлар устидан назоратни кучайтириш заруратини йўллардаги минглаб ўлимлар қайта ва қайта кўрсатиб турибди. Афсуски, бу ҳафта ҳам йирик автоҳалокатсиз ўтмади. 21 ноябр куни Фарғонанинг Учкўприк туманида рўй берган ҳодисада 5 киши ҳалок бўлди, 6 киши яраланди. Воқеага юк машинасининг светофорда тўхтаб турган Damas'га келиб урилиши сабаб бўлган. Бахтга қарши, Damas'нинг ичида қоидага зид равишда жами 11 киши бўлган. Улардан 5 нафари – сабзи кавлаш учун Олтиариққа кетаётган 2 нафар мактаб ўқувчиси ва 3 нафар аёл ҳалок бўлган. 22 ноябр ҳолатига, яна икки ўқувчи қиз ўта оғир аҳволда қолаётган эди. Юк машинаси ҳайдовчиси қамоққа олинган.
Автоҳалокатлар орасида автобуслар иштирокида рўй бераётганлари ҳам жуда кўп. Жамоатчилик йил бошида Хитойдан олиб келинган юзлаб янги автобусларнинг нечтаси бир йилга бормай ЙТҲга учраганини санаб, саноқдан адашиб кетди. Лекин автобус иштирокидаги бу сафарги авария аввалгиларидан ҳам ғалати: воқеа Тошкент халқаро аэропортида рўй берди. Маълум бўлишича, аэропорт автобуси ҳайдовчиси аэродромда ҳаракатланиш қоидаларини бузиб, Uzbekistan Airways'нинг Airbus A320Neo самолёти билан тўқнашган, натижада самолётнинг ҳаракатланаётганда ҳаво қаршилигини камайтиришга ёрдам берадиган қисмига зарар етган. Расмий хабарга кўра, бу тезда бартараф этилиб, самолёт воқеанинг эртасигаёқ яна парвозларни амалга ошира бошлаган.
Ҳажга навбат ниҳоят шаффофлашадими?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ҳаж зиёратига навбатларни адолатли ва шаффоф қилиш бўйича таклиф билан чиқди. Агентлик раҳбари Акмал Бурҳонов ишчи гуруҳ тузган ҳолда бу масалани ўрганиб чиққан. Ўрганиш натижасида Ҳаж зиёратига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбатини ташкил қилиш керак деган хулосага келинган. Аксилкоррупцион органга кўра, бу ягона онлайн навбат тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилиши керак.
Агентлик бу борада ҳозирча бирор ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққани маълум эмас. Эслатиб ўтамиз, бу орган Ҳажга навбатларни давлат хизматлари марказларига ўтказиш орқали очиқ ва шаффоф тизим яратиш кераклиги ҳақида 2022 йилда ҳам баёнот берган, лекин ўшанда бирор амалий ўзгариш кўзга ташланмаган эди.
Нима бўлганда ҳам, бу масала яна кун тартибига кўтарилаётгани қувонарли ҳол. Чунки амалиётда Ҳажга ким боришини белгилаш жараёни ҳалигача ўн йиллар олдинги шаклда қолиб кетган ва шаффоф эмас. Ҳали навбати келмаганлар ҳам турли йўллар билан зиёратчилар таркибига қўшилиб олиши ҳолатлари учраб туради.
Аслини олганда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги таклиф этаётган Ҳажга навбат кутаётганларнинг ягона онлайн навбат тизими аллақачон жорий этилиши керак эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги қарорига кўра, Ҳаж ва Умра тадбирларига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизими шакллантирилиши ва бу онлайн тизим доимий равишда янгилаб борилиши керак эди. Бу вазифани бажариш Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идорасига юклатилган, лекин 6 йилдан бери топшириқ ижро этилмай келяпти.
Мажбурий обуна: ҳоким ўринбосари коллеж директорини калтаклади
Ўзбекистон бўйлаб ихтиёрийлик ниқобига ўралган мажбурий обуна кампанияси давом этяпти. Ижтимоий муассасалардан тортиб судларгача ходимлардан даврий нашрларга обуна бўлиш талаб этилмоқда. Шундай ҳолатлардан бирида мажбурий обунани мувофиқлаштираётган ҳоким ўринбосари қуюшқондан чиқиб, коллеж директорини калтаклади.
Воқеа 14 ноябр куни Фарғона вилояти Боғдод тумани ҳокимлигида рўй берган. Шу куни эрталаб туман ҳокими ўринбосари Қаҳрамон Миртазақулов обуна масаласида мажлис ўтказган ва 24 млн сўмлик обуна режасини бажармаган педагогика коллежи директорига мушт туширган. Натижада директор мия чайқалиши ва жағ жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Боғдод ҳокими Юсуфжон Ҳусаинов ўз ўринбосарининг қилмиши учун унга бор-йўғи ҳайфсан бериш билан кифояланди. Олий таълим вазирлиги эса мажбурий обунага қарши экани, ҳолатни кескин қоралашини, ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши кераклигини билдирди. Туман прокуратураси Kun.uz'га ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилаётгани ҳақида душанба куни маълумот берганди, лекин ўрганиш натижаси ҳафта охиригача номаълум бўлиб қолмоқда.
Яна бир нохуш ҳодиса 24 ноябр куни Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокимлигида рўй берди. Шу куни эрталаб ҳокимлик биносида бўлиб ўтган мажлисда Янги Себзор маҳалласи раиси вафот этди. Бунга унинг йиқилиб тушгани сабаблиги айтиляпти. Бу маълумотни ОАВга сиздирган манба ҳокимликдаги мажлисбозлик 40 кундан бери давом этаётгани, ҳар куни эрталаб кўчада совуқда туришга мажбур бўлишаётганидан шикоят қилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Фарғона шаҳрида келин ўз сепини куёвнинг уйидан Мажбурий ижро бюроси орқали ундириб олди. Хабарларга кўра, эр-хотин шу йил августда оила қурган, лекин келишмовчилик сабаб ҳозир бирга яшамаяпти. Келин ўз сепини қайтаришни талаб қилганида, куёв буни рад этган, натижада иш судгача борган. Ижро ҳужжатига асосан, 20 ноябр куни МИБ куёвдан жами 34 турдаги 11 млн сўмлик мулклар, яъни мебел, ошхона жиҳозлари ва идишларни келинга ундириб берди.
Самарқанд шаҳрида мактаб девори ўқувчининг устига қулади. Вилоят расмийлари бунга қурилиш компанияси айбдор эканини билдирди. Расмий хабарда 1,2 млрд сўмлик қурилиш ишлари “Ташаббусли бюджет” доирасида бўлаётгани таъкидланган, лекин ўқувчининг аҳволи қанақа экани айтилмаган, қурилиш компаниясининг номи ҳам очиқланмаган.
АҚШга Мексика орқали ноқонуний кирган ўзбекистонликлар энди мамлакат ичкарисига қўйиб юборилмайди. Американинг Тошкентдаги элчихонаси эълонига кўра, бундан буён уларни иммиграция иши ҳал бўлгунича ҳибсда сақлашга қарор қилинган. Бундан ташқари, АҚШда ноқонуний яшаётган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатдан чиқариб юборилмоқда. Статистикага кўра, охирги 2 йилда Ўзбекистоннинг салкам 14 минг фуқароси АҚШга Мексика орқали ноқонуний киришга уринган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги турли-туман тадбирлар учун бюджетдан 800 минг доллар ажратди. Ҳокимнинг қарори билан, солиқ тўловчиларнинг 10 млрд сўм пули “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви”, “Бувижонлар мактаби” ва “бир пиёла чой” каби тадбирлар учун ишлатиладиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, худди шу шаҳарда бир неча ҳафта олдин Ўзбекистон Миллий кутубхонаси харажатларни тежаш учун 24/7 режимида ишлашни тўхтатишга мажбур бўлган эди.
Футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон жамоаси сенсация кўрсатди. Жалолиддин Раҳматуллаев мураббийлигидаги жамоа нимчорак финалда 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан Англияни мусобақадан чиқариб юборди ва чорак финалга чиққан Осиёнинг ягона жамоаси бўлди. Ярим финал остонасидаги ўйинда ўзбекистонликлар Францияга 83-дақиқада ўтказиб юборилган гол эвазига, 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Эслатиб ўтамиз, 2011 йилги ЖЧ U-17да ҳам Ўзбекистон жамоаси чорак финалгача етиб борганди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
09:57 / 25.01.2026
Иқтисодиётда кутилмаган ўсиш ва пул ўтказмаларида янги қоидалар — ҳафта дайжести
09:00 / 18.01.2026
Қамоқдаги судялар, Соловёвнинг “сайраши” ва ДХХ нигоҳидаги 4 та таҳдид — ҳафта дайжести
09:10 / 11.01.2026
Навбатчи устозларга иш ҳақи ва Бойсунда нефт булоқлари — ҳафта дайжести
12:05 / 31.12.2025