Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Солиқдан озод гаджетлар ва тожга даъвогар Синдоров — ҳафта дайжести
Ўзбекистонда бонд омборлари очиладиган бўлди: iPhone ва Macbook нархлари арзонлашадими? Озодлик учун нақд 200 млрд сўм ёки қарийб 16 млн доллар: вазир ўринбосари бунча пулни қаердан олган? Қурилишга рухсат олишдаги коррупцияни президент ҳам танқид қилди: вазирлик тадбиркорни ноҳақ айблаган экан-да? Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим воқеалари шарҳи – Kun.uz дайжестида.
Смартфон ва ноутбуклар импортида янги тартиб
Ўзбекистонга смартфон ва ноутбук импортининг янгича канали очиляпти. Бу ҳақдаги президент қарори эълон қилингач, телефонлар нархи арзонлашиши мумкинлиги ҳақида тахминлар янграй бошлади. Чунки янги тартиб доирасида одамлар шахсий эҳтиёжи учун айрим импорт товарларни солиқ тўламасдан сотиб олиши мумкин бўлади.
Оддийроқ тушунтирсак, ҳозир дўконга бориб 20 млн сўмга iPhone сотиб олсангиз, давлатга 12 фоиз ставкада 2 млн 400 минг сўм ҚҚС тўлаган бўласиз. Солиқдан ташқари, товар нархининг ичида импорт божи ҳам ўтиради. 1 июлдан ишга тушадиган янги тартиб истеъмолчига айрим товарларни ана ўша ҚҚСни умуман тўламасдан, божни эса пасайтирилган ставкада тўлаган ҳолда харид қилиш имконини беради.
Қарорга кўра, 1 июлдан бошлаб маҳаллий ва хорижий корхоналар лицензия асосида бонд омборларини очиш ҳуқуқини олади. Бонд омборининг бошқа эркин омборлардан фарқи шундаки, у ердаги товарларни тўғридан тўғри жисмоний шахсларга сотса бўлади. Бунда, чакана сотувлар фақат алоҳида реестрга киритилган маркетплейслар орқали амалга оширилади.
Бошқача айтганда, импортнинг бу янгича канали қуйидагича ишлайди: импортёр товарларни олиб келиб, ҚҚС ва божхона божини тўламаган ҳолда бонд омборига жойлаштиради, кейин уни электрон платформа орқали жисмоний шахсларга сотади.
Жисмоний шахсларнинг хориждан божсиз товар олиб киришига доир чекланган нормалар янги тартибга нисбатан татбиқ этилмайди. Лекин бонд омборидан чиққан товарларни тижорий мақсадда айланмага киритиш мумкин эмас, яъни “шахсий эҳтиёжим учун харид қилдим” дея, соядаги бизнесга айлантириб олишга йўл қўйилмайди.
Солиқ ва бож ставкаларига келсак, бонд омборлари орқали сотиладиган товарлар икки гуруҳга ажратилган. Биринчи гуруҳга:
- смартфон, ноутбук ва планшетлар;
- электр чойнак, шарбат чиқаргич ва миксер каби ошхона жиҳозлари;
- соч қуритиш учун фен, дазмол ва радиокарнай каби маиший техникалар киритилган.
Бу товарларни ҚҚС тўламасдан, 5 фоизлик ягона божхона тўловини тўлаб, фақат шахсий эҳтиёж учун сотиб олиш мумкин.
Иккинчи гуруҳдаги товарлар харидида эса, ҚҚС плюс 3 фоизлик бож ундирилади. Бу рўйхат:
- кийим-кечак ва пойабзаллар;
- барча турдаги соатлар;
- видеоўйин қурилмалари;
- ва айрим техникалардан иборат.
Иккинчи рўйхат биринчисидан нафақат бюджетга тўловларнинг кўпроқлиги билан, балки бренд товарларга тааллуқли эмаслиги билан ҳам ажралиб туради: халқаро тан олинган брендларнинг оригинал кийим-кечаклари ва пойабзалларини бонд омборига жойлаштириш тақиқланган. Қисқаси, янги тартиб – Samsung ёки Apple смартфонларидан фарқли ўлароқ, Skechers оёқ кийимларини арзонроқ нархда буюртма қилиш имконини бермайди.
Таъкидлаш керакки, истеъмолчилар учун янги имконият сифатида тақдим этилаётган бу янгиликнинг муваффақияти – бонд омбори учун лицензия бериш ва маркетплейсларни махсус реестрга киритишда рақобат муҳити таъминланишига боғлиқ. Чунки монополия пайдо бўлган тақдирда, солиқ ва божларнинг пастлиги якуний истеъмолчига келганда деярли сезилмай қолиши мумкин.
Реновация қонуни мулк ҳуқуқига зидми?

Навбатдаги янгилик – асосан шаҳарларда, эски кўп қаватли уйларда яшовчиларга тааллуқли. Сенат тасдиғидан ўтган янги қонунга кўра, реновацияга тушган уйларнинг мулкдорларида бузилаётган уйи учун хоҳлаганча миқдорда компенсация ундириш ҳуқуқи сўроқ остида қоляпти.
Мавзуга киришдан аввал, реновация ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Реновация – эскирган кўп квартирали уй-жойлар ўрнига янгиларини қуриш дегани. Жараён комплекс тусда бўлиши ҳисобига, кўплаб муаммоларга эга эски уй-жойлар ўрнида – қулай инфратузилма ва яшил зоналарга эга замонавий уйлар қад ростлаши керак. Бу жараён биринчи босқичда 2–3 қаватли уйларни қамраб олади. Ҳисоб-китобларга кўра, республика бўйлаб 255 мингта хонадондан иборат 17 мингта 2–3 қаватли уйлар ўрнига, 900 мингта хонадонни ўз ичига олувчи 7–9 қаватли замонавий уйлар қуриш имконияти бор. 255 мингта хонадон ўрнига 900 мингтаси пайдо бўлиши – зичлаштириш даражаси умумий олганда 3,5 баробар бўлишини англатади. Бу бир томондан 20 минг гектар ерни иқтисод қилиш имконини берса, бошқа томондан мактаб, боғча, автотураргоҳ каби объектларга юклама ҳам кескин ошишини англатади.
Ўтган ҳафта Сенат тасдиғидан ўтган “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун бу борадаги нормаларни белгилаб беради. Қонун матни ҳозирча эълон қилинмади. Ҳужжатнинг ҳозирча маълум бўлиб улгурган жиҳатларидан энг кўп муҳокамага сабаб бўлгани – реновация учун мулкдорларнинг розилигига оид.
Гап шундаки, ўтган йили қабул қилинган президент фармонида “реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилиши” белгилаб қўйилган эди. Парламент ҳар икки палаталаридан ўтиб улгурган қонунда эса, 80 фоиз мулкдорнинг розилиги етарли бўлиши кўрсатилган. Яъни компенсация суммасига ёки умуман уйнинг бузилишига охиригача қарши турган мулкдорлар охир-оқибат суд тартибида мулкидан айрилади ва суд томонидан белгиланган миқдордаги компенсацияга рози бўлишига тўғри келади.
Урбанизация қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевнинг айтишича, мулкдорларнинг 100 фоизи билан келишиш амалда имконсиз, чунки турли сабаблар билан мулк ёки мерос ҳуқуқи расмийлаштирилмаган, эгаси вафот этган ёки чет элда бўлган ҳолатлар – умумий мулкдорларнинг 13 фоизгача қисмини ташкил этади.
“Фақат давлат, инвест компания сотиб олади ва у 80 фоизгача ҳамма билан келишади. Шундан кейин қолган 20 фоизга айтадики: “Мен 80 фоизи билан келишдим, квадрат метр ўртача нархи шунча бўлди, менда энди судга киритиш ваколатим бор, кел, келишайлик”, деган маънода. Яъни мана, 80 фоизнинг ҳуқуқи бор-да, уларнинг ҳам ҳуқуқини ўйлайлик. Майли, бизда мулк ҳуқуқи деган тушунча бор, лекин бир одам туфайли қолганлар азоб чекмаслиги керак-ку, тўғрими?” – деди Қудбиев.
Реновация масаласи сешанба кунги селекторда ҳам қайд этиб ўтилди. Президент топшириғига кўра, 2026 йилда реновация дастури доирасида камида 30 мингта хонадон фойдаланишга топширилиши керак. Шавкат Мирзиёев бунга эҳтиёж юқори манзилларни санаб ўтди: Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудуди, Каттақўрғон шаҳри, Оқтош, Иштихон, Булунғур, Жума ва Жомбой каби шаҳарчаларда жойлашган “барак” типидаги уйлар шулар жумласидан.
“Ҳамма билиб, билмаганга олади, аслида бу – коррупция”
Ўтган йили “ассалому алайкум бўлмагунча, қурилишга рухсат беришмайди”, дея соҳадаги коррупциядан очиқ шикоят қилган тадбиркор эсингиздами? Қурилиш вазирлиги минг раддия бергани билан, у ҳақиқатни гапирган бўлиб чиқяпти. Келинг, унинг ўша сўзларини бир эслайлик:
“Ерни сотиб олдик, ана энди рухсатнома олиш керак. Рухсатномага “заявка” ташлаяпмиз – “отказ”. “Заявка” ташлаяпмиз – “отказ”. Токи ҳалиги манзилига бориб, “ассалому алайкум” бўлмагунча (тадбиркор қўли билан пул санаш ишорасини қилади – таҳр.). Тўғри гапни гапиришимиз керак. Бу тўғридан тўғри эртанги харажатимизга таъсир қиляпти. Мисол учун, битта уйни 500 минг долларга кўтараётган бўлсак, кимгадир 50 минг, кимгадир 100 минг, кимгадир 20 минг бўлиб, у ўша жойга миниб қоляпти”.
Ўшанда Қурилиш вазирлиги тадбиркорни тизим ходимларининг шаънига лой чоплашда айблаб, унинг устидан Ички ишлар вазирлигига арз қилган эди. Лекин вазирлик худди шу мазмундаги танқидни такрорлаган навбатдаги шахс устидан шикоят қилолмайди.
“Ўтган йили қурилиш билан боғлиқ 2 миллион 600 мингдан зиёд аризанинг учдан бири рад этилган. Масъуллар “Камчилиги учун қайтардик”, деб айтади. Лекин ичига кириб таҳлил қилса, масала кўп. Ҳамма билиб, билмаганга олади, аслида бу – коррупция!” – деди Шавкат Мирзиёев 14 апрел кунги селекторда.
Йиғилишда урбанизация ва қурилиш соҳалари бўйича аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган қатор муаммоларга ечимлар берилди. Масалан, ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз, 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтилади. Аҳоли пунктларининг бош режалари йўқлиги – ерларни хусусийлаштиришга тўсиқ бўлаётгани сабаб, бош режаларни ишлаб чиқиш тезлаштирилади. Кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш дастурларига киритиш учун тадбиркорлар ҳам ўз таклифини илгари суриши мумкин бўлади.
Селекторда қурувчилар учун қатор енгилликлар эълон қилинди. Улар қурилиш қилиш учун ер участкасини олган санадан эътиборан камида 2 йил муддатга ер солиғидан озод этилади. Йилига фақат битта махсус техника импортини кўзда тутувчи чеклов бекор қилинади. “Шаффоф қурилиш” платформасида лизингга олинган техникалар учун ҳам балл берилади. Шунингдек, лойиҳалашга рухсат олиш ва архитектура-режалаштириш топшириғи учун олдинма-кетин алоҳида-алоҳида эмас, бир вақтнинг ўзида ариза қабул қилиш орқали, қурувчиларнинг ойлаб вақт йўқотишига барҳам берилиши кутилмоқда.
Генералнинг озодлиги учун 200 млрд нақд
200 млрд сўм нақд пулни кўз олдингизга келтира оласизми? Агар ҳаммаси энг йирик банкнот – 200 минг сўмликда бўлса, бу нақ 10 минг даста (!) пул дегани. Сунъий интеллектнинг айтишича, ўртача ҳажмдаги саёҳат жомадонига тахминан 500 даста пул сиғади. Демак, 200 млрд сўм деганда 20 та жомадон тўла пулни кўз олдимизга келтиришимиз мумкин.
Шунчаки қизиқишга қилиб кўрган бу ҳисоб-китобларимиз бекорга эмас, албатта. Kun.uz манбасига кўра, ички ишлар вазирининг коррупцияда айбланаётган собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевни озодликка чиқариш учун унинг яқинлари айнан шунча – 200 млрд сўм пулни нақд шаклда давлатга топширган. Шундан кейин, етказилган зарар қоплангани важи билан, генералга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган.
Бекмурод Абдуллаев – 2021–2025 йилларда ички ишлар вазири ўринбосари эди. 2026 йил январ ойида, Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов билан бир вақтда, талон-торож айблови билан қамоққа олингани маълум бўлганди. Манбага кўра, Турсунов ҳозирда қамоқда қолмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Бекмурод Абдуллаевни озодликка чиқариш учун уни тадбиркор акаси молиявий қўллаб-қувватлагани ҳақидаги фаразларни учратиш мумкин. Чунки, яхши гумон билан айтганда, ойликка яшайдиган ва бизнес қилиши тақиқланган давлат хизматчисининг ўзида бунча нақд пул қаердан бўлсин? Кўпчиликка таниш Баҳодир Абдуллаев – Ўзбекистондаги йирик тадбиркорлардан, 20 дан ортиқ хусусий корхоналарни бирлаштирган ҳолдинг таъсисчиси. У ўтган йили август ойидан буён “Ўзметкомбинат” АЖ раиси сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда.
Тасодифни қарангки, бу ҳафта “Ўзметкомбинат” номини коррупцияга оид бошқа бир янгиликда ҳам учратиш мумкин. Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлиги комбинатнинг Баҳодир Абдуллаевдан аввалги раиси Дилшод Аҳмедовни Интерпол орқали халқаро қидирувга берган. 2024 йил октябрдан 2025 йил августгача Ўзбекистон Металлургия комбинатини бошқарган Аҳмедов ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланмоқда.
Ҳафта давомида Ўзбекистон яна икки нафар тадбиркорни халқаро қидирувга бергани ойдинлашди. Улардан бири – “Равшан Золотой” лақаби билан танилган Равшан Муҳиддинов. Туркияда яшайдиган 37 ёшли тадбиркор Ўзбекистонда жиноий уюшма тузиш, безорилик ва мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш жиноятларида айбланяпти.
Интерпол рўйхатида пайдо бўлган, Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган яна бир шахс – Humans компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добринин. 52 ёшли Россия фуқаросига нисбатан қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўтказиш ҳамда пул ювишга оид айбловлар эълон қилинган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк Humans экотизимига кирган UPay тўлов ташкилотини тотализатор учун тўловлар ўтказилишига йўл қўйишда айблаб, фаолиятини ярим йилга чеклаб қўйган эди. Кейинчалик UPay ҳам, Humans'нинг ўзи ҳам банкрот деб топилди. Ундан олдинроқ “Ўзбектелеком” ва айрим банклар Humans'ни судга берган, компаниянинг Сингапурдаги мулкдори эса Ўзбекистон устидан халқаро арбитражга даъво киритган эди.
Маълумот учун, юқорида номи тилга олинган шахсларга оид жиноят ишлари бир-бирига боғлиқ эмас. Улар кетма-кет саналгани сабаб ноўрин таассурот пайдо бўлмаслиги учун, буни алоҳида қайд этиб ўтишимиз керак. Фақатгина ИИВнинг икки собиқ мансабдори давлат харидлари билан боғлиқ битта жиноят иши доирасида тергов қилинаётгани маълум. Шахсат давлат раҳбари ҳам тилга олган бу жиноят иши ҳақида, мана уч ойдирки, қўшимча расмий маълумот берилмаяпти. Жамоатчилик суд жараёнларининг очиқ-ошкора бўлишидан умидвор.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбек йигити – шахмат тожи учун расман даъвогар! Жавоҳир Синдоров Кипрда ўтган Номзодлар турнирида ғолиб чиқди. 20 ёшли шахматчимиз бутун турнир давомида биринчи ўриндан пастга тушмасдан, бирорта ҳам мағлубиятга учрамасдан, 14 имкониятдан 10 очко жамғарди ва бир пайтлар Ян Непомняший 9,5 очко билан ўрнатган рекордни янгилади. Жавоҳир сўнгги турларда совуққонлик билан дуранглар қайд этиб, жадвалдаги устунлигини сақлаб қолди ва битта тур қолганда чемпионликни расмийлаштирди. Президент Шавкат Мирзиёев уни телефонда шахсан табриклаб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлади. Эслатиб ўтамиз, Синдоров ноябр ойида Жаҳон кубогини ютганида, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи”га айланган эди. Уни олдинда олимпиада, йил охирида эса шахмат тожи учун Гукеш Доммаражу билан тарихий партия кутяпти.
“Бунёдкор” футбол клубининг молиявий аҳволи ёмонлашиб боряпти. Бу – “Ўзбекнефтгаз” ҳомийликни тўхтатгани билан боғлиқ. Клуб матбуот хизмати вакили Фурқатбек Нишоновнинг сўзларига кўра, қарздорлик сабаб стадион ҳам, академия ҳам иссиқ сув ва светдан узиб қўйилган. “Етиб келганимиз шу бўлса керак: “Бунёдкор” стадиони, академиясида 2 ойдан бери иссиқ сув йўқ эди, ойликни охирги марта декабрда олганмиз, бугун бутун академия ва стадион ҳудудида электрни ўчиришибди”, дейди Нишонов. Унинг айтишича, бу йил давлат берадиган 35 млрд сўмнинг учдан икки қисми бразилиялик Ривалдодан қарзни узишга кетади.
Сирдарё вилояти судяси 3600 доллар пора билан ушланди. Олий суд ахборотига кўра, у ўз иш юритувидаги иқтисодий ишни тадбиркор фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига шунча пул олган пайти ашёвий далиллар билан ушланган. Тошкентда эса Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган уч нафар судяси гаров эвазига озодликка чиқди. Прокуратура уларни қамоқда ушлаб туриш муддатини 5 ойга сурмоқчи бўлган, лекин бу ҳақдаги ажрим апелляцияда бекор қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган. Адолатсиз ҳукм чиқаришда айбланаётган уч судядан фарқли ўлароқ, суд ишларини ҳал этишга аралашиш жиноятида айбланаётган Тошкент шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муроджон Мирзажонов ҳамон ҳибсда. Уни қамоқда сақлаш муддати узайтирилган.
Азим шаҳримиз Тошкентни бошқариш – жамоатчиликка ёпиқ амалдорлар қўлида қолди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилган очиқлик индексида, пойтахт ҳокимлиги сўнгги ўринни эгаллади. Энг ёпиқ ташкилотлар қаторидан Андижон, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳам ўрин олган. “Энг қизил” учликда “Ўзбекистон темирйўллари”ни ҳам учратиш мумкин. Очиқлик борасида намунали давлат ташкилотларига келсак, юқори бешликдан “Ўзбекгидроэнерго”, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “Ўзавтосаноат” ва Транспорт назорати инспекцияси жой олган.
Мавзуга оид
07:33 / 17.04.2026
Саудиянинг бир километрлик минораси қурилиши 100-қаватга етди
18:01 / 15.04.2026
Ўзбекистонга смартфон ва ноутбуклар импортининг янгича канали очилади
11:44 / 15.04.2026
Қурилишдаги бюрократик талаблар 2 баробаргача қисқариши мумкин
19:54 / 14.04.2026