Ўзбекистон | 18:33
10865
2 дақиқада ўқилади

Бекмурод Абдуллаев гаров эвазига қўйиб юборилди

У 200 млрд сўмдан ортиқ зарарни тўлаб берган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Ўзбекистон ички ишлар вазири собиқ ўринбосари, катта миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинишида гумонланиб қўлга олинган Бекмурод Абдуллаев озодликка чиқди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, у етказилган 200 млрд сўмдан ортиқ зарарни нақд пул шаклда тўлаб берганидан сўнг, унга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган.

Генерал-майор Бекмурод Абдуллаев муқаддам мудофаа вазирлиги, ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияда турли лавозимларда ишлаган, 2021 йил апрелида ички ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланганди. 

2025 йил ноябр ойида у ишдан олингани маълум бўлди. 2026 йил январига келиб у ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи, Абдуллаев билан бир вақтда ишдан олинган Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши очилгани ва улар қамоққа олингани хабар қилинди.

Январ ойи охирида ўтказилган президент видеоселекторида Абдуллаев ва Турсуновга нисбатан жиноят иши очилгани тасдиқланиб, улар вазирлик тизимидаги давлат харидлари давомида 186 млрд сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ўзлаштирилгани юзасидан қамоққа олингани маълум қилинди.

Ҳозирда Рустам Турсунов қамоқда қолмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид