Ўзбекистон | 18:41 / 14.04.2026
2820
1 дақиқада ўқилади

Бўлиб тўлашга сотилган объектлар бўйича устама ҳисоблаш тўхтатилади

Бундан ташқари, хусусийлаштириш дастурининг қатор жабҳаларида ҳокимларнинг жавобгарлиги Давактив билан тенглаштирилмоқда.

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги

Ўзбекистонда хусусийлаштириш доирасида бўлиб тўлаш шарти билан сотилган объектлар учун қолдиқ суммага ҳар йили 14 фоиз устама ҳисоблаш бекор қилинади. Бу ҳақда 14 апрел кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Йиғилишда, шунингдек, хусусийлаштириш дастурига объектларни киритиш, уларни сотиш ва инвестиция самарадорлиги бўйича ҳокимлар Давлат активлари агентлиги билан тенгма-тенг жавоб бериши ҳам белгиланди.

Қайд этилишича, сўнгги тўрт йилда аукционда сотилган 11,5 минг гектар ердан 3 минг гектарида қурилиш бошланмаган. Оқибатда қўшимча 100 минг иш ўрни, 20-25 триллион сўм қўшилган қиймат йўқотилмоқда.

Аукционга чиқарилган 582 гектар ер участкаси, 122 та давлат объекти бир йилдан бери сотилмай турибди.

Чунки хусусийлаштириш дастурини қабул қилишда ҳам, объектларни сотишда ҳам ҳокимларнинг ўрни билинмаяпти, тадбиркорларнинг фикри олдиндан ўрганилмаяпти. Аслида ҳар объектни сотишда ҳудудга инвестиция, маҳалла учун иш ўрни биринчи ўринда бўлиши керак, дея таъкидлади президент.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид