Спорт | 18:33 / 15.04.2026
7157
2 дақиқада ўқилади

Синдоров турнирни яна бир рекорд билан якунлади

Ўзбекистонлик шахматчи натижаси у қадар аҳамиятсиз бўлган сўнгги партияда тезкор дуранг қайд этди ва турнирни мағлубиятсиз якунлади. Шу билан бирга, 14 имкониятдан 10 очко жамғарган ҳолда Ян Непомняшийга тегишли бўлиб турган рекордни (9,5) янгилади.

Фото: Michal Walusza / FIDE

FIDE Номзодлар турнирининг охирги турида Жавоҳир Синдоров хитойлик Вей Йига қарши дона сурди. Натижаси аҳамиятсиз бўлган баҳсда 32-юришдан кейин тезкор дуранг қайд этилди.

Бу орқали ўзбекистонлик шахматчи 14 имкониятдан 10 очко жамғарди ва турнирда яна бир рекордни ўрнатди. Бунга қадар ҳеч бир шахматчи икки давралик форматда бу қадар кўп очко жамғара олмаганди.

Бундан олдинги рекорд 2022 йилда Ян Непомняший томонидан қайд этилган, у ўшанда 14 имкониятдан 9,5 очко жамғариб, турнир ғолибига айланганди.

Қайд этиш керакки, Синдоров турнирни мағлубиятсиз якунлади – 6 ғалаба ва 8 дуранг.

Қолаверса, у 10-турда Рамешбабу Прагнанадҳа устидан ғалаба қозониш орқали ғалабалари сонини 6 тага етказиб, турнирда яна бир рекорд ўрнатганди. Бунга қадар турнир тарихида ҳеч бир шахматчи 6 ғалабага эришмаганди. Магнус Карлсен, Ян Непомняший ва Фабиано Каруана каби бошқа номдор гроссмейстерлар ҳам бир турнирда кўпи билан 5 та партияда ғалаба қозонган. 

Синдоровга биринчи ўрин учун 70 минг евро миқдорида мукофот пули кафолатланган. Шунингдек, барча шахматчиларга қўлга киритилган ҳар ярим очко учун 5000 евродан берилиши кўзда тутилган. Синдоров эса ҳозиргача тўпланган очколари орқали яна 100 минг евро ишлаб топган.

Бундан ташқари, ушбу турнирда ғалаба қозониш орқали Синдоров Жаҳон тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш билан ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу баҳс йил охирида ўтказилиши режалаштирилган. Унда томонлар 14 та партия ўтказишади. Ушбу баҳс иштирокчиларининг ҳар иккисига ҳам натижадан қатъи назар 1 миллион доллардан ортиқ мукофот пуллари кафолатланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид